Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги Спорт клубининг ҳарбий спортчилари МДҲга аъзо давлатлар армия ўйинлари доирасида ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақаларда иштирок этиш учун Қирғизистонга етиб келди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Ҳарбий спортчилар 28—31 июль кунлари бўлиб ўтадиган «ПМ-3 ва КА-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш» мусобақасида иштирок этади.
Гуруҳ шахсий таркиби Қирғизистоннинг Балиқчи шаҳридаги ҳарбий қисмда жойлаштирилди.
Мазкур мусобақа Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг қуролли кучлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро спортчиларни тайёрлаш бўйича тажриба алмашиш, МДҲ қуролли кучларининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш мақсадида ўтказилмоқда.
27 июль куни мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Бугун, 28 июль куни иштирокчилар беллашувларга киришди.
Ушбу нуфузли мусобақа ҳарбий-амалий спортнинг 7 турини ўз ичига олган бўлиб, «Армия қўл жанги», «Командирлик стартлари», «Спорт ориентирланиши», «Тоғ уч кураши», «Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси», «Офицерлар уч кураши» ва «МП-3 ва КА-3 машқларида штатдаги ёки штатга илова қилинган жадвалдаги қуроллардан отиш» каби баҳслар бўйича ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўзбекистонлик ҳарбийлар 16—20 апрель кунлари Россияда ўтказилган «Командирлик стартлари», 26—29 июнь кунлари Беларусь пойтахти Минскда ҳарбий-амалий спортнинг «Кўп кураш ҳарбий спорт комплекси» тури бўйича бўлиб ўтган халқаро мусобақаларда иккинчи ўринларни қўлга киритган эди.
Изоҳ (0)