Ўзбекистонда корхоналарнинг 60 фоиз раҳбари бозорда рақобатнинг ўсиши яқин беш йил ичида уларнинг бизнесини беқарорлаштириши мумкин деб ҳисоблайди. Мазкур маълумотлар CEO Survey глобал сўровномасининг Ўзбекистондаги биринчи сонида маълум қилинди. У 26 июль куни Тошкентда тақдим этилди, деб ёзади «Газета.uz».
Ўзбекистон сони «Эҳтиёткор оптимизм» деб номланди. PwC (PricewaterhouseCoopers) аудиторлик ташкилоти фикрича, у Ўзбекистон компаниялари раҳбарларининг келажакка ишончи ва кайфиятини акс эттиради.
Сўровномада 30 нафар бош ижрочи диреcтор (CEO — Chief Executive Officer) иштирок этди. Улар орасида давлат компаниялари ёки давлат назорат қилувчи компаниялар раҳбарлари бор. Сўровнома иштирокчиларининг 97 фоизини эркаклар ташкил этди.
Сўровнома натижаларига кўра, Ўзбекистон CEO’нинг 87 фоизи яқин йилларда ўз компаниялари даромадларининг ошишига ишонади.
Ўзбекистонликлар ўз бизнеси ўсиши истиқболлари нуқтаи назаридан Россия (67 фоиз), Қозоғистон (43 фоиз), Хитой (37 фоиз), Туркия (30 фоиз) ва Жанубий Кореяни (23 фоиз) энг муҳим мамлакатлар деб ҳисоблайди.
Сўровнома иштирокчилари иқтисодиёт ўсиши тезлашувига ишонч билдирди (70 фоиз), шунингдек, яқин йилда ходимлари сонини ошириш режасини маълум қилди (73 фоиз). Шу билан бир пайтда, сўровнома иштирокчиларини малакали кадрлар танқислиги ташвишлантиради (60 фоиз).
Изоҳ (0)