Вьетнам шимоли ва марказий ҳудудларидаги «Сон-Тин» довули оқибатида юз берган сув тошқинлари ва кўчкилар оқибатида 10 киши ҳалок бўлиб, 12 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Сон-Тин» тайфуни кучи тропик довул даражасигача пасайганига қарамай, у Вьетнамнинг бир қатор ҳудудларидаги дарё ва сув омбориларида сув сатҳининг кўтарилишига ва кучли ёғингарчиликларга сабаб бўлди.
Тошқинлар оқибатида мамлакат шимолидаги Енбай, Шонла ва Куангнин, мамлакат марказидаги Тханхоа ва Нгеан вилоятларидаги юзлаб уйлар вайрон бўлган. 80 минг гектардан зиёд гуруч далалари сув остида қолган, транспорт қатнови издан чиққан.
Хабар беришларича, табиий офатдан энг кўп Енбай вилояти жабр кўрган — бу ерда 600 уй вайрон бўлган, ўнлаб инфратузилма ва энергетика объектларига зарар етган. Тошқинлар бу ерда 8 кишининг ҳаётига зомин бўлган, 10 киши бедарак йўқолган.
Изоҳ (0)