Буюк астроном, математик ва географ ал-Фарғоний ўзининг илмий кашфиётлари билан умумбашар тараққиётга салмоқли ҳисса қўшган.
Олимнинг тўлиқ исми Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Касир ал-Фарғонийдир. Ал-Фарғоний Фарғона водийсининг Қубо (Қува) қишлоғида туғилган, деб ҳисоблайди олимлар.
Ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги маълумотлар жуда кам бўлганлигига қарамай, ўрта асрларда Шарқда унинг номи машҳур бўлган. Академик М.Хайруллаевнинг таъкилашича Ибн ан-Надим (Х аср), Ибн ал-Қифтий (XII—XIII асрлар), Абул Фараж Бар Эбрей (XIII аср), Ҳожи Халифа (ХVII аср) каби Шарқ олимлари уни ўз асарларида эслатадилар.
Аҳмад ал-Фарғонийнинг ҳаёти ҳақидаги энг сўнгги ва энг аниқ хабар 861 йил билан боғланади. Мавжуд маълумотларга кўра, у шу йили Қоҳира яқинидаги Роуд оролида нилометрни, яъни Нил дарёси суви сатҳини белгиловчи ускунани ясаган. Бироқ ал-Фарғоний қандай қилиб ва қандай шароитда Мисрга бориб қолгани ҳақида ҳам аниқ маълумот йўқ. Ал-Фарғонийнинг асосий астрономик асари «Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби» («Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавоми’ илм ан-нужум») XII асрда лотин тилига икки марта ва XIII асрда бошқа Европа тилларига ҳам таржима қилинганидан сўнг, унинг лотинлаштирилган номи «Алфраганус» шаклида ғарбда бир неча аср давомида кенг тарқалади. Унинг бу китоби шу асрлар давомида Европа университетларида астрономиядан асосий дарслик вазифасини ўтади. «ал-Фарғоний асарининг лотинча таржимаси биринчи марта 1493 йилда нашр этилган бўлиб, у энг қадимги нашр қилинган китоблардан ҳисобланади. 1669 йили машҳур Голланд математиги ва арабшуноси Якоб Голиус ал-Фарғоний асарининг арабча матнини янги лотинча таржимаси билан нашр этганидан сўнг, ал-Фарғоний ва унинг асарининг Европадаги шухрати янада ортди. Ал-Фарғоний номини Данте (XV аср) ва Шиллер (XVIII аср) ҳам эслаган», деб ёзади М.Ҳайруллаев.
Ҳозирги кунда ал-Фарғонийнинг саккиз та асари маълум бўлиб, уларнинг ҳаммаси астрономияга алоқадор ва улар дунёнинг Берлин, Лондон, Париж, Теҳрон, Қоҳира каби шаҳарларидаги музейларда, илмий марказларда сақланмоқда.
Фарғонийнинг номи нафақат шарқ ва Ғарбда, ўз юрти Ўзбекистонда, ғурур ва ифтихор билан тилга олинади, ўрганилади, 1998 йилда Ўзбекистан Республикаси Президентининг фармони билан алломанинг 1200 йиллик таваллуд санаси катта тантаналар билан нишонланди.
1998 йилнинг ёз ойлари. Аҳмад ал-Фарғоний юбилей тантаналари тобора яқинлашмоқда эди. Қува маркази ва Фарғона шаҳрида жуда кенг қамровли ободонлаштириш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган чоғлари унга ҳар ким ҳисса қўшай деяётганига кўп гувоҳ бўлдим. Манбаларда буюк олим умрининг сўнгги кунларини Нил дарёси ғарбий қирғоғидаги қадим Фустот шаҳрида ўтказгани ҳақида маълумотлар келтирилган. Аммо, унинг абадий оромгоҳи-хилхонаси қаерда, бу мавҳум эди. Шундай кунларнинг бирида Тошкент Давлат Шарқшунослик институти ректори, академик Неъматилло Иброҳимов мен билан суҳбатда бир таклиф айтиб қолди.
— Институт ҳомийлик қилади. Мисрга бориб келинг. Балки Фустотдан бирор дарак топарсиз.
«Ахборот» раҳбарияти таклифни қўллади. Биз, тасвирчи Шухратжон Мирзакаримов билан сафар таржимони мақомидаги профессор Сарвар Ғофуров ҳамроҳлигида Қоҳирага учиб бордик.
Минг йиллар давомида қанча хоқон-у фиравнларни кўрган, бир қарич ҳудуд учун юз минглаб жангчиларни қурбон берган афсонавий, сир-у-синоатга йўғрилган Миср ҳақиқатларини бу юртга неча бор келган бўлсам-да англаб етолмасдим. Бир манзил, бир ёдгорлик, бир манзара ҳар гал менда янги-янги таассурот, уйғотади.
Қоҳира кўчаларини ёлғиз кезишни ёқтираман. Айниқса, Хон Ҳалил мавзесини. Бу ерда одамлар эркин. Истаса соз чалади, истаса куйлайди. Дўст-биродари билан араб қаҳвасини ичиб чуқур-чуқур чилим тортади. Дўконларда савдо-сотиқ авжида. Сангтарош ва мисгарларнинг бозори чаққон. Мен ҳам йўл четидаги қаҳвахона столларидан бирини эгаллайман. Қаршимдаги дўмбира чертаётган кишининг кўзларига термуламан. Во ажаб. Усти чор-ночор. Оёғидаги енгил шиппак ҳам адо бўлай деган. Соқоллари ўсган. Дўмбира торларини енгил ҳаракатга келтириб навобахш садо таратаётган бармоқлари дағал, тирноқлари ўсган... Аммо кўзларичи?! Кўзларида ҳаётидан ризолиги, эртасидан умидворлик, покиза қалбидаги эзгулик болаларча софдил нигоҳларда одамни ром этади. Наҳотки шу камбағал умри, бугуни ва ночор келажагидан рози бўлса?! Беихтиёр «машаллаҳ» деб юбордим. У мени эшитди чоғи, бош силтаб қўйди-да, ўзгача, ҳали мен одамларда ҳеч учратмаган самимийлик билан куй услубини шўхчанг садоларга бурди. Ана, кўчадан ўтиб кетаётган бир неча европалик ажнабийлар ҳам тўхтаб созандани олқишлай бошладилар. Бу унга илҳом бердими, у танасини усулга мос тебратиб янада завқ-шавқ билан дўмбирасини черта кетди.
Шу лаҳза қаҳвахона эгаси олдимга кўмири тутаб турган чилим қўйд. Уни тортиб кўрсам-кўрмасам ҳақини тўлардим. Умр бўйи чилим чекиб юрган одамдек ўзимча тавозе билан чилим муштугини тишлади-му янада ястаниброқ ўтириб ичимга торта бошладим. Аччиқ тутун томоғимдан нари ўтмади. Уни на оғзимдан, на бурнимдан қайтариб чиқара олмасдим. Шу қадар қийналиб йўталдимки, кўзларим қинидан чиқай деди. Созанда эса мийиғида кулиб қўйди, лекин куй усули ўша-ўша. Кетма-кет қаҳва ҳўплаб аранг ўзимга келдим. Шу тариқа тун тонгни қувиб борарди. Меҳмонхонага қайтганимда ҳар ер-ҳар ердан азон овози эшитила бошлади.
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Шамсиддинхон Бобохонов ёрдамида мисрлик бир неча тарихчи, файласуф, коинот илмининг олимлари билан учрашиб Аҳмад ал-Фарғоний ҳақида батафсил суҳбатлашдим. Кейинроқ Миср ташқи ишлар вазирлиги, Қоҳира шаҳри маъмурлари, Қоҳира Давлат Университети рахбарияти қабулида бўлдим. Яна ўша мавзу. Қохира кўчаларида ўнлаб одамларни тўхтатиб сухбатга чорладим. Во ажаб. Ўндан етти-саккизи ватандошимиз Аҳмад ал-Фарғонийни билар, у ҳақида меҳр билан гапирар эди.
Маълумки, Аҳмад ал-Фарғоний аввало коинот илмининг буюк олими. Лекин у Фустотга келиб яшай бошлагач аҳолига нисбатан қўлланилаётган солиқ адолатсизлигидан изтироб чекар, уни ислоҳ қилиш чораларини излар эди.
Тўрт минг километр узунликдаги Буюк Нил Миср халқи учун ҳаёт –мамот дарёси эди. Мамлакат ҳудудининг атиги олти фоизидагина деҳқончилик қилиш, бирон егулик етиштириш мумкин бўлган. Бу ҳам Нил туфайли. Қолган қисми қумлик бўлиб, дарё суви етиб бормас эди. Ана шу олти фоиз сувли ер халқни боқиб келган. Ҳозир ҳам шундай. Аммо ўшанда Нил сув сатҳи тизгинсиз бўлган. Яъни, бир йил сув сатҳи кўтарилса қирғоқдаги деҳқон ерларини сув босиб ҳосили нобуд бўларди. Ва аксинча, сув сатҳи пасайиб кетса қирғоқдан узоқроқдаги ерлар қурғоқчиликка учрарди. Шунга қарамай давлат солиқчилари ҳар икки ҳолатда ҳам ер эгаларидан бирдек солиқ талаб қилган. Аҳмад ал-Фарғоний юлдузлар ҳаракатини узлуксиз кузатиш баробарида Нил дарёси сатҳидаги ўзгаришни дарёдан узоқ-яқинлигига қараб ерлар ҳосилдорлиги жадвалини тузади ва шу тартибда солиқ тизимини яратади. Олимнинг Нил дарёси оролларидан бири-Роуд «бурни»га қурган «Миқёси Нил» ускунаси Мисрда янгича солиқ миқдорига асос солди.
-Аҳмад ал-Фарғоний Мисрда минг йилдан зиёд даврда адолат тарозусини ушлаб турди ва биз мисрликларнинг ўнлаб авлод-аждодлари бу буюк инсон сиймоси қаршисида ҳамиша таъзимдамиз, — деди Қоҳира Давлат Университети профессори Фотиҳ Аҳмад биз билан суҳбатда.
Мана ўша, бобомиз бундан XII аср муқаддам бунёд этган «Миқёси Нил» қурилмаси. 35-40 метрлар келадиган кўприкдан ўтсангиз темир ёғоч (Ҳиндистондан келтирилган бук дарахтидан) қопланган саккиз бурчакли, усти доирасимон қуббали оддий бир бинога дуч келасиз. Нилнинг бир чети шу оролга урилиб иккига бўлинади. Чапда каналсимон оқим, ўнгда салкам бир чақиримча ястаниб оқаётган ҳаёт дарёси. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сув «Миқёси Нил» қурилмасига очилган туйнукдан кириб чиқиб туради. Ичкарига кирсангиз ўзингизни гўё бугун Ўзбекистон деб аталмиш мамалакатга келиб қолгандек ҳис қиласиз. Ўртада мармар устун. Унга сув сатҳи ўлчов чизиқлари тортилган. Атроф эса ёғоч ўймакорлиги ҳамда шарқона минатюра безаклари билан қопланган. Айтишларича, Миср халқи уларни асрлар давомида авайлаб асраб келган. Саккиз устун чизгиларига соғинч билан боқаман. Нозик ўймакор нақшларга меҳримни бахш этиб силайман. Ахир бу чизги, нақшларга бобомиз Аҳмад ал-Фарғоний назари тушган, қўллари текканда. Ҳозир ҳам руҳлари мамнун боқиб тургандек эди. Мармар зиналардан устунни айланиб пастга тушаман. У Нил дарёси сув сатҳи энг паст бўлгандаги кўрсаткичдан ҳам чуқурроқ эди. Мана бу туйнукдан сув кириб устун чизиқларида кўриниш бергач бошқа туйнукдан чиқиб кетаверган. Бобомиз эса сув сатҳи кўрсаткичига нисбатан деҳқоннинг ери дарёдан неча чақирим наридалигига қараб қанча солиқ тўлаши лозимлигини математик формулалар асосида аниқ ҳисоб-китоб қилиб белгилаб берганлар. Шундай қилиб, сув сатҳи кўтарилса ери дарёга яқин деҳқонлар камроқ, ери дарёдан олисроқдаги деҳқонлар кўпроқ ва аксинча, сув сатҳи одатдагидан пастлаб кетса дарёга ери яқин деҳқон кўпроқ, ери узоқроқдаги деҳқон камроқ солиқ тўлаган. Аслида оддий қоидага ўхшайди. Аммо унда ҳозирги ўлчам бирлигидаги бир метр ўзгарса ҳам солиқ миқдори ўзгарадиган жадвални яратиш дарҳақиқат арабларнинг ўзлари айтганидек, буюк кашфиёт, ёки ҳақиқий адолат тарозуси бўлган. Шунинг учун ҳам орадан минг йилдан зиёд вақт ўтибдики, араблар ҳамон аллома номини чексиз ҳурмат билан тилга оладилар. Шунинг учун ҳам Аҳмад ал-Фарғоний яратган «Миқёси Нил» ҳамон ишчи ҳолатда сақлаб келинган. Миср Пирамидалари ва Сфинксни, дунёдаги экспонатлари кўп ва энг бой Қоҳира музейини кўргани келган беш иқлим сайёҳлари бу ерга ҳам қадам ранжида қилиб, бобомиз руҳи олдида бош эгадилар.
Бугунги Қоҳира бир неча асрлик тарихга эга бўлган янги шаҳар. Фиравнлардан қолган пойтахт эса — қадим Фустот шаҳридир. У Қоҳиранинг ғарбида, 6-8 чақирим нарида жойлашган. Ҳозирга келиб Фустотдан кўҳна қалъа деворларининг излари, урушлар чоғи вайронага айланган турар жой қолдиқлари ва балки дунёнинг энг қадимий қабристони сақланиб қолган.
Тарихчиларнинг ёзишича, Фустот ўз даврининг ҳудуди энг катта ва аҳолиси энг кўп бўлган шаҳарларидан бири эди. Шаҳарга 641 йилда асос солинган. Фустот номи тарихий манбаларда қайд этилишининг яна бир сабаби, бу ерда қитъадаги дастлабки масжид барпо этилган. Лекин шаҳар кўчалари, иморатлар ғоят тартибсиз қурилган. Қаердаки масжид, амалдор саройи бўлса, унинг атрофини уйлар қуршаб олаверган. Натижада Фустотда ёнғинлар жуда кўп рўй берган. Шунинг учун ҳам Аббосийлардан сўнг салтанатга келган Фотимийлар 969 йилда мамлакат пойтахтини Фустотдан ҳозирги Қоҳира ҳудудига кўчирганлар. Манбаларда айтилишича, 1169 йилги ёнғин шаҳарни тўлиқ қоплаб олган ва бу ерда яшаш имконини қолдирмаган.
Биз Фустот харобалари оралаб қабристонга келдик. Миср мутахасисларининг таъкидлашича, бу ерга дафн этиш тахминан 8-9 аср аввал тўхтатилган. Шундан буён бугунги ўлчамларда 7-8 гектар келадиган қабристонга ҳеч ким тегмаган. Қабр тошлари қуёш нурида куйиб қорайган. Ёзувлар ўқиб бўлмас даражага келган. Ҳатто қабр усти тепаликлари ҳам деярли текис ҳолда. Қачонлардир Фустот қабристони Мисрнинг энг олий табақали зодагонлари-ю, уламолари дафн этиладиган киборлар абадий манзили бўлган.
-Бизнингча, Аҳмад ал-Фарғоний ҳам шу ерга дафн этилган бўлиши эҳтимоли катта. Чунки у Фустотда яшаб ижод қилган замонасининг буюк олими бўлиш билан бирга, «Миқёси Нил» туфайли чексиз шухрат қозонган. Бундай зот, жасади ушбу қабристонга келтиришига барча асослар бўлган, - деди профессор Фотиҳ Аҳмад.
Қабристон четига қўйилган ўриндиқда (бу ҳам ҳайратли воқеа эди, ким бу ўриндиқни келтириб ўрнатган?!) икки бор қурон тиловат қилиб дастлаб барча ўтган, шу ерда ётганлар ҳақига, сўнг бобомиз номини тилга олиб алоҳида дуои фотиҳа қилдик.
Фустот қабристонидан бир сиқим тупроқ олиб аввалдан тайёрлатиб келганимиз– сандиқчага солдик. Кейинчалик уни Қувага олиб келиб қурувчиларга бердик. Сабаби, Аҳмад ал-Фарғонийнинг 1200 йиллик юбилейи арафасида Қува ва Фарғонада ул улуғ зот шарафига ёдгорлик қўйилаётган эди. Президент Ислом Каримов тасдиқлаган режага кўра Қувада, олим туғилиб ўсган жойда гумбазли айвон (ротонда) остига нефрит тошидан рамзий қабр қўйилиши лозим эди.
Фарғона шаҳрида эса олим номи билан аталувчи боғ тўри ал-Фарғонийнинг салобатли ҳайкали қад ростлаб қолганди.
Биз Мисрдан қайтиб келгач, Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрда кечган ҳаёти ҳақида кўрсатув тайёрладик. Уни томошабин қизиқиш билан кутиб олди. Кейин билишимизча, кўрсатувни давлатимиз раҳбари Ислом Кармиов ҳам кўрган эканлар.
Юбилей тараддуди арафасида Ислом Каримов ишлар билан танишиш мақсадида Фарғонага келдилар. Телемухбир сифатида менга уларнинг сафарини ёритиш топширилган эди.
Қува. Ишлар жадал. Минглаб қурувчилар шаҳарчани обод қилиш учун ҳаракат қилардилар. Марказий майдон тепалигида қуббали айвон (ротонда) тайёр. Фақат рамзий қабр тоши қўйиш қолган. Ёнида археологик қазишма олиб борилган майдонча. Топилдиқ ва қазишма олиб борилган майдонча. Топилдиқ ва ўтган 8-10 асрга дахлдор буюмлар териб қўйилган. Пастда музей ҳам битиб қолган. Хуллас, тайёргарлик режа асосида борарди. Президент эса негадир ўйга ботган. Қуббали айвонни, рамзий қабр тоши қўйиладиган жойни бир-бир синчиклаб кўриб чиқди. Нимадир, нимадир ёқмаётгандек эди. Ҳамма ҳаяжон билан уни кузатмоқда. Шу пайт Ислом ака мени чақириб қолдилар.
-Сиз яқинда Мисрга бориб келдингиз. Айтингчи, Миср ҳалқи Аҳмад ал-Фарғонийга қандай муносабатда? – Президент кўзларимга тикилди. Оҳ, бу нигоҳга дош бериш қанчалар қийин!
Мен ўзимни қўлга олдим. Босиқлик билан жавоб бердим.
-Мисрда оддий одамлардан то давлат арбобларигача учрашиб Аҳмад ал-Фарғоний ҳақида гаплашдим. Уларнинг барчаси бу улуғ олимни чин дилдан ҳурмат қилар эканлар. Мисрлик бир аллома юртдошингиз минг йилдан зиёд вақт ичида Мисрда адолат тарозусини ушлаб турди, деб таъриф берди.
-«Миқёси Нил» туфайлими? – Президент сўзимни бўлди.
-Ҳа, «Миқёси Нил» туфайли. Аҳмад ал-Фарғонийга неча авлод мисрликлар таъзимда бўлган, ҳозир ҳам ҳамон таъзимда экан, улар. Менимча, вақти келиб улар албатта Қоҳирада Аҳмад ал-Фарғонийга ҳайкал қўядилар. Бундай буюк инсон ўзи туғилиб ўсган Қувада ҳам ҳайкал қўйишга муносиб деб ўйлайман.
Мен ўзимдаги камчиликни, энг катта камчиликни биламан. Баъзида ўзимни тўхтата олмайман. Ўйлаганимни ўрними, ўрни эмасми айтиб юбораман. Ўшанда ҳам шундай бўлди. Мен беихтиёр ўйимдагини тилимга чиқардим. Аслида Қувага ҳайкал эмас, рамзий қабр тоши қўйилишини, у нефритдан ясалганини, бундай лойиҳани шахсан Президент тасдиқлаганини билардим, билардим! Аммо ўзимни тия олмадим. Тилимни тия олмадим. Дилимдаги беихтиёр тилимга чиқиб кетди...
Исмоил Ҳакимовичнинг юзи буришди. Бошқалар ҳам тилини тишлади, чоғи. Ҳамма Президентга тикилган. Ундан муносабат кутишар эди. Мени титроқ босди. Рангим шу лаҳзада қув ўчгани аниқ. Тилим бошқа айланмай қолди.
Ислом Каримов ҳам бир лаҳза ўйга толди. Ва... ёдгорлик мажмуаси макети ёнига бориб ундан қуббали айвон (ротонда) остидаги картондан ясалган қабр тошини юлиб олди.
— Ҳеч қанақа рамзий қабр бўлмайди, бу ерда. Нима, ёш келин – куёвлар бу ерга келиб шам ёқиб ўтирадиларми? Бу ерда ҳайкал бўлади. Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали бўлади! – Президент бу сўзларини қатъий оҳангда гапирар, токи унга ҳеч ким эътироз билдиришини истамасди.
Вазият бунчалар тез ўзгаришини ҳеч ким кутмаган. Бошқача фикри бўлган (ҳоким, вазир, олим, архитектор, ҳайкалтарош...) ҳамроҳлар бир нима дейишга жазм қилолмасди. Фақат... Жўрабековгина Президентга вақт тақозосини рўкач қилолди холос.
— Ислом Абдуғаниевич, юбилей тантаналарига жуда оз вақт қолди. Ҳайкални ҳатто эскизи ҳам йўқ. Уни ясаб бу ерга ўрнатишга мутлақо улгурмаймиз. Балки...
Президент бу гапларга парво ҳам қилмади.
— Илҳом, мен сенга Фарғонадаги ҳайкал ғоя — маъносини тушунтирганман. Ал-Фарғоний икки қўлида кашфиётлари, мана авлодларим, мен буни сизларга мерос қилиб қолдиряпман, демоқда. Шундайми?
Ҳайкалтарош Илҳом Жабборов тамомила ўзини йўқотиб қўйди. У биладики, ҳайкални ғоят қисқа муддатда ясаб ўрнатиши лозим. У биладики, Президент энди фикридан қайтмайди. Шундай экан рози бўлишга мажбур.
— Ҳа, — деди ҳайкалтарош.
— Энди бу ердаги ҳайкал бошқача бўлади. У улуғвор, нафақат олим, балки файлсуф, халқпарвар инсон сиймосида бўлиши керак. Ротонда қолаверади. Унинг остига пастроқ супа қиласан. Қўлида ҳасса, мана юртдошларим, мен сизлар билан биргаман, деяётгандек бўлади. Тушундингми?
— Лекин вақт...
— Бир кеча кундузда 24 соат ишлайсан, аммо улгирасан. Майли, аввал бўрдан қиласан, юбилейдан кейин бронзадан қўямиз ҳайкални. Бугундан, ҳозирдан ишга кириш. Қуванинг ҳокими нуроний қарияларни йиғиб беради. Юз сиймосини улардан оласан. Ахир ирсият қондан қонга ўтади, дейишади-ку!
Қарор эълон қилинганди. Энди уни ҳеч ким, ҳатто Жўрабеков ҳам ўзгартира олмасди.
Атрофимдаги «катта»лар менга нафрат билан қараётгандек туюлди. Аслида ҳам шундай эди. Улар гўё «сен кимсанки, президентга маслаҳат соласан?», деяётгандек. Биз машиналарга чиқиб Фарғона томон йўл олдик. Ўйлаганимдек бўлди. Ҳукумат раҳбарларидан бири сал қолса ёқамдан олди:
— Сен кимсан ўзи, Президентга маслаҳат берадиган?!
Бундай таъна ва маломатни кўп марта эшитишимга, айтган гапларимга турли идора ва раҳбарларга изоҳ беришимга тўғри келди.
Йўқ, мен Президенга асло маслаҳат бермадим. Бундай ниятим бўлмаган. Бу воқеани кейин юз, минг бор таҳлил қилдим. Видеотасмаларни кузатдим. Аслида бу қарорга Президент илгарироқ, майдон билан танишгач, қуббали айвон (ротонда)ни айланиб кўрганда келган. Лекин уни очиқлашга бир туртки, бир сўз етмай турган холос. Уша сўз мендан чиқиб кетди!
Орзиқиб кутилган кун келди. Қуванинг марказий майдоналирининг бирида, баланд тепаликда Аҳмад ал-Фарғонийнинг виқорли ҳайкали юбилейга келган юзлаб меҳмонлар иштирокида тантанали равишда очилди.
Буни қарангки, яратганнинг марҳаматими, Миср арабларининг самимий эҳтиромими, 2007 йилда Қоҳирада, Роуд оролида, «Миқёси Нил» иншооти пойига Аҳмад ал - Фарғонийнинг ғоят кўркам ва нафис ишланган ҳайкали қўйилди.
— Бу Миср халқидан инсониятнинг буюк аждоди Аҳмад ал-Фарғонийга миннатдорчилик рамзидир, - деди ўша тантанада мамлакат Президенти Хусни Муборак.
Ҳозиргача ўйлаб ўйимга етолмайман. Қоҳирада, ҳайкал очилишида иштирок этган Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов ҳаёлидан ўша дақиқаларда нималар кечган экан? Қува воқеасини ёдга олдимикин?
Мен ҳар гал Мисрга, Қоҳирага келсам аввал Фустот вайроналарини оралаб, қадим қабристонга бораман. Ўша мўъжазгина ўриндиқда икки бор қурон тиловат қиламан.
Аҳмад ал-Фарғоний таваллудига 1220 йил тўлди. Лекин ҳали яна неча минг йиллар ўтса ҳам ул буюк зот номи авлодлар дилида мангу қолаверади.
Муҳаммаджон Обидов
Изоҳ (0)