Тошкент шаҳрида жойлашган Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида «Мустақил юрт ҳунармандлари» деб номланган халқ бадиий ҳунармандлиги ва амалий санъати маҳсулотларининг анъанавий Х кўргазмаси ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ўзбекистон Республикаси «Ҳунарманд» уюшмаси, Маданият вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардан 300 нафардан зиёд уста-ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Кўргазмада ёғоч ўймакорлиги, тикувчилик, заргарлик, тўқувчилик ва миниатюра санъати каби турли хил қўл меҳнати маҳсулотлари намойиш этилди. Шунингдек, кўргазма доирасида ҳунармандларнинг маҳорат дарслари, маданий-кўнгилочар тадбирлар, концерт дастурлари ҳам ўтказилди.
Уюшма томонидан ҳунармандлик маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ва ҳунармандлар фаолиятини янада ривожлантириш мақсадида жорий йилда дунёнинг 20 дан ортиқ давлатида кўргазма ва ярмаркалар ўтказилди. Унда 50 дан ортиқ ҳунарманд ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
Изоҳ (0)