Тошкент шаҳрида жорий йил 12 июлида БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» резолюциясига бағишланган тадбир ўтказилади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ушбу тадбир Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Давлат бошқарув академияси кўмагида ташкил этилмоқда.
Давра суҳбати шаклидаги тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, тегишли вазирликлар, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти, Фанлар Академияси вакиллари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.
Тадбирдан кўзланган мақсад БМТ БА махсус резолюцияси моҳияти ва аҳамиятини муҳокама этиш, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини белгилаб олишдан иборат.
Резолюцияда Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, сув ва энергия манбаларидан унумли ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий асоратларни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил этиш, маърифат, фан, технологиялар, инновациялар, туризм, маданият, санъат ва спорт соҳаларидаги алоқаларни чуқурлаштириш йўналишларида икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилган.
Изоҳ (0)