Қозоғистоннинг Ақтўбе вилояти Самара—Чимкент трассасидаги автобус ёнғини тўғрисидаги иш судга оширилди. Бу ҳақда Қозоғистон бош прокуратураси матбуот хизматига асосланиб, Sputnik хабар бермоқда.
Январь ойида юз берган фожиа 52 нафар ўзбекистонлик фуқаронинг умрига зомин бўлган эди. Мудҳиш ҳодисадан беш киши, жумладан уч нафар қозоғистонлик ҳайдовчи омон қолган эди.
Ҳодиса юзасидан беш кишига, хусусан уч нафар ҳайдовчи ва «Азия транс сервис» компаниясининг икки нафар ходимига нисбатан айблов эълон қилинган.
Компания автобусларни рейсдан олдин кўрикдан ўтказиш мажбуриятини олган бўлган.
Автобуслар ҳайдовчиларига нисбатан суд санкцияси билан қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўрилган, компания раҳбари ва механигига нисбатан гаров эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, автобус эгасига нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган, дейилади хабарда.
Прокуратура ёнғин автобус салонида кавшар лампадан фойдаланилгани оқибатида келиб чиққанини маълум қилган.
Изоҳ (0)