Тожикистон божхонаси Ўзбекистон товарларини олиб кириш ва олиб чиқишга нисбатан қатъий чекловларни жорий қилди. Бу ҳақда «Ахбор»га таяниб, «Kommersant.uz» хабар берди.
Хусусан, бир кишининг 2 килограмм гўшт, 5 килограмм нон ва 7 килограмм гуруч олиб киришига рухсат берилган. Юкнинг умумий оғирлиги 40 килограммдан ошмаслиги керак.
Чегара очилишининг илк кунларида экспорт ва импортга нисбатан ҳеч қандай чеклов жорий қилинмаган эди.
«Чегарани кесиб ўтаётганимизда бир дона товуқ тухумини ҳам олиб ўтмаслик ҳақида бизни огоҳлантиришди. Акс ҳолда юк ортга қайтариб юборилишини айтишди. Шунингдек, юкнинг умумий оғирлиги 40 килограммдан ортмаслиги кераклиги ҳам айтилди. Шу билан биргаликда, бир маҳсулотнинг 10 килограммдан кўп бўлмаслиги тайинланди», — дея Пахтаобод пункти орқали чегарани кесиб ўтган Тожикистонлик тадбиркор маълум қилган.
Тожикистон фуқароларининг айтишича, чегарани кесиб ўтиш пунктларида бу талабларга қатъий амал қилинмоқда.
Панжикентлик фуқаро Ўзбекистонга тез-тез қатнаши, бир ой илгари қўшни мамлакатдан катта ҳажмда маҳсулот келиб тургани ва маҳаллий бозорларда сотилганини айтган. «Ўзбекистонлик савдогарлар колбаса, шакар ва ширинликларни машиналарга ортиб олиб келишар ва маҳаллий аҳолига сотишар эди», — дейди панжикентлик фуқаро.
Тожикистон божхона хизмати Ўзбекистон импорт маҳсулотларини олиб келувчи тадбиркорларни товуқ тухумини олиб келмаслик ҳақида қатъий огоҳлантирган. Акс ҳолда юк ортига қайтариб юборилиши айтилган.
Ўзбекистондан Тожикистонга товуқ тухумларини импорт қилиш 2018 йилнинг июнида тақиқланган эди. Ушбу тақиқ Тожикистонда тухум нархининг деярли 2 баробар ортишига олиб келган.
Изоҳ (0)