Ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган «Сиз қонунни биласизми?» кўрик-танлови Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди, деб ёзади ЎзА.
Ёш авлоднинг ҳуқуқий билимини янада мустаҳкамлаш, уларни Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, суд-ҳуқуқ, ижтимоий-иқтисодий тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилган кўрик-танловнинг мамлакат босқичида 14 жамоа ўзаро баҳслашди.
Бухоро вилоятидаги Когон саноат ва транспорт коллежининг «Делегат» ва Навоий вилоятидаги Қизилтепа қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги коллежининг «Фемида» жамоалари 1-ўринга муносиб деб топилди.
Жиззах вилоятидаги Дўстлик тиббиёт коллежининг «Ҳуқуқ тарғиботчилари» ва Қашқадарё вилоятидаги Қарши банк коллежининг «Шижоат» жамоалари 2-ўрин, Қорақалпоғистон Республикасидаги Нукус иқтисодиёт коллежининг «Ёш юристлар» ҳамда Самарқанд вилоятидаги Иштихон педагогика коллежининг «Ёш депутатлар» жамоалари 3-ўринни эгаллади.
Танлов якунида ғолиб ва фаол жамоаларга ташкилотчиларнинг диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)