Гивинг USA фондининг 12 июнь куни эълон қилган ҳисоботига кўра, АҚШда хайрия қилинган маблағларнинг рекорд даражаси қайд этилган, деб ёзмоқда Форум Daily.
2017 йили америкаликлар 410,02 миллиард долларни хайрия ишларига сарфлаган. Бу кўрсаткич 2016 йилдагига нисбатан 5,2 фоизга кўпроқдир.
Гивинг USA фонди маълумотларига қараганда, хайрия кўламининг ортишига фонд бозорининг барқарорлиги ва турмуш даражасининг яхшилангани сабаб бўлган.
Маълум қилинишича, жами маблағларнинг яримидан кўпи жисмоний шахслар томонидан хайрия қилинган. Улар хайрия ишларига 286,7 миллиард доллар сарфлаган. Шунингдек, фондлар томонидан 66,9 миллиард ҳамда турли корпорациялар томонидан 20,8 миллиард доллар хайрия қилинган.
Пулларнинг асосий қисми алоҳида шахслар, жумладан Билл ва Мелинда Гейтс, Марк Цукерберг ва Приссила Чан, шунингдек, Майкл ва Сюзен Dell томонидан хайрия қилинган.
Шунингдек, маданият ва санъатга алоқадор ташкилотларга хайрия қилинган маблағлар миқдори 8,7 фоизга ортган.
2017 йили америкаликлар рекорд даражадаги 127,37 миллиард долларни диний ташкилотларга хайрия қилган. Бу 2016 йилга нисбатан 2,9 фоизга кўпдир. Хабар қилинишича, хайрия пуллари миқдори ошган, бироқ хайрия ишлари билан шуғулланадиган америкаликларнинг сони камайган.
Изоҳ (0)