Ўзбекистонда сайёҳлар ўлчовли олтин ёмбиларни сотиб олиши мумкин бўлади, деб ёзади Spot. Бу Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида қимматбаҳо металлардан ўлчовли ёмбиларни ишлаб чиқариш ва қимматбаҳо металлар бозори фаолиятини тартибга солишни ташкиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга мувофиқ «Навоий ТМК» ДК базасида қимматбаҳо металлар (олтин ва кумуш)дан 5 граммдан 1000 граммгача бўлган ўлчовли ёмбилар ишлаб чиқариш бўйича замонавий юқори технологик комплекс қурилиши» сармоявий лойиҳасини амалга ошириш тасдиқланди.
Қарорда лойиҳани амалга ошириш бўйича ҳаракатлар режаси тақдим этилган, қурилиш давомида иштирокчиларнинг асосий роллари тақсимланган. Таъкидлаш жоизки, «Навоий ТМК» ДК ўзи томонидан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари қолдиқларини ички бозорда миллий валютада мақсадли равишда тарқатиши мумкин.
Бу Ўзбекистоннинг туристик йўналиш сифатидаги жозибасини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Хитой ва Ҳиндистон сайёҳлари ўз саёҳатлари давомида тилла буюмлар харид қилишни яхши кўради — бу уларнинг ўзига хос анъанаси. Олтин ёмбилар хариди ҳам шулар жумласидандир, у Ўзбекистоннинг қимматбаҳо металлар бозорини ривожлантириш ва сайёҳлар учун мамлакат жозибасини янада оширишга ёрдам беради.
Ўзбекистонга қимматбаҳо металлар олиб кириш ва олиб чиқиш жараёнларини соддалаштириш учун тегишли чоралар кўрилади, қимматбаҳо металлар оғирлиги бўйича чекловлар ва шарт-шароитлар белгиланади.
Изоҳ (0)