Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Ўзбекистон мусулмонлари идораси сайтида чоп этилган мақолада ўзбек жамиятдаги фоҳишалик иллати муаммоси кўтарилди.

Фото: «Darakchi.uz»

Фото: «Darakchi.uz»

«Яқинда интернетда Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозори атрофида фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар тасвири туширилган видео пайдо бўлди. Фоҳишалар фаолиятига қарши туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбир уюштирилди. Натижада фоҳишалик билан шуғулланувчи 80 нафарга яқин аёл ушланди. Уларга нисбатан маъмурий ишлар бўйича Бектемир туман суди томонидан жазо белгиланди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга кўра, фоҳишалик билан шуғулланган шахсга нисбатан энг кам иш ҳақининг 1 бараваридан 3 бараваригача жазо назарда тутилган. Улар жазосини олди. Шу билан муаммо ўз ечимини топдими?» — дейилади мақолада.

«Суддан сўнг улар уйига боради, телефонини ёқади, «клиент»лари ёки ўзи уларга қўнғироқ қилади (қийин вазиятда эмасми?!). Мижозга одатдагидек фоҳишалик хизмати таклиф этилади. Қарабсизки, белгиланган жарима пули тайёр. Эртасига кассага пулни тўлайди ва юзим-кўзим демай фаолиятини давом эттираверади (агар Аллоҳ инсоф бериб бу гуноҳдан қайтмаса). Кўриб турганингиздек, разолат эгаларига бундай жарима жазоси етарли эмас», — дея қайд этилади.

Уларнинг нега бундай қабиҳ ишлар қилишаётгани сабабига тўхталиб ўтилди. Маълум бўлишича, уларнинг аксарияти яшаш жойидаги туман ҳокимиятига мурожаат қилган, иш тополмаган, уйсиз, ажрашганларининг эса ҳуқуқий онги паст, алимент ундиришга мурожаат қилишни билмайдиган ёлғиз аёллар.

«Лекин танганинг иккинчи томони ҳам бор. Ҳаёт қийинчиликларига учраган бошқа аёллар-чи? Улар бундай қабиҳ ишларни қилаётганлари йўқ-ку. Аллоҳга шукр айтиб, ҳалол меҳнати билан оиласини боқаётган аёллар қанчадан қанча. Бу мусулмон миллатига ярашмайдиган жирканч ҳолатдир», — дейилади.

«Жамиятда бундай иллат тарқалишига асосий сабаб инсоннинг нафси, уни жиловлай олмаслиги. Бошқа қийинчиликлар сабаб бўла олмайди. Уруш даврида жуда кўп қийинчиликлар бўлган. Лекин инсонларимиз сабр қилган. Ҳозир жамиятимизда меҳнат қилган инсон ризқини топяпти. Очликдан ўлди, деган гапни эшитганимиз йўқ. Очкўзликдан ўлди, деган гаплар қулоғимизга чалиняпти. Шундай экан сабр қилишимиз, меҳнат қилиб ҳалол ризқ топишни ўрганишимиз зарур. Фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмай, солиҳ ва солиҳа фарзандларни тарбиялаб ўстиришимиз керак», — дея Жасурбек қори Рауповнинг гапларидан иқтибос келтирилди.

«Фаҳш ишлар каби жиноятни қилган шахсларга нисбатан қонунчилик томонидан оғирроқ жазолар назарда тутилиши шарт. Бундай шахсларга маълум бир муддатга мажбурий меҳнат жазоси берилса, адолатдан бўлар эди. Зора жазо даврида ҳалол меҳнатнинг нони ширинлигини тушуниб етишса», — дея хулоса қилинади мақолада.

Изоҳ
Асосий янгиликлар