Акбар Дадажонов Бирлашган Араб Амирликларидан Ўзбекистонга келиб, «Maxi globus bright future» номли сохта МЧЖни расмийлаштирган, деб Бухоро ИИБ жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими «Дарё»га хабар бермоқда.
Дадажонов БАА фуқароси томонидан жўнатилган Howо русумли юк машинасига орттирилган контейнердаги 167 номдаги товарни бошқа номга ёзилган декларациядан фойдаланиб, Бухоро вилояти Олот божхона комплексидаги танишлари орқали чегарадан ўтказмоқчи бўлган. Божхона назоратидан ўтказилмаган товарларни Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган «Коруз» МЧЖга омборхонасига олиб келишни мўлжаллаган.
Дадажонов БААдаги фирмадан Тошкентда ўзи очган МЧЖ номига товар юборилгани ҳақидаги ҳужжатлардан фойдаланиб, инвойсда кўрсатилган рўйхатга умуман мос келмайдиган, 3 миллиард 73 миллион 800 минг сўмлик товарни божхонадан ўтказган.
Акбар Дадажонов Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми «а» бандига кўра айбли деб топилган. Жиноят ишлари бўйича Олот туман судида унга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима тайинланган.
Жиноят иши судланувчининг шикоятига асосан кассация инстанциясида ҳам кўриб чиқилган. Натижада судланувчининг шикояти қаноатлантирилмай, биринчи босқич суди ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Изоҳ (0)