Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси тадбиркорларни ўзаро манфаатли ҳамкорликка таклиф қилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги «Дарё»га маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан ажратиладиган ер майдонларида намунавий лойиҳа асосида потенциал инвесторларни жалб қилиш ва улар билан давлат-хусусий шериклик шартлари асосида Давлат хизматлари марказлари биноларини қуриш назарда тутилган.
Мазкур лойиҳага жалб қилинган инвесторларга қуйидаги имтиёз ва кафолатлар берилади:
—тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қўшимча биноларни қуриш учун ер майдонлари ажратилиши;
—бинони қуриш учун тижорат банклари томонидан Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан юқори бўлмаган миқдорда 10 йилга (шу жумладан беш йил имтиёзли давр билан) кредитлар берилиши;
—қўшимча бино қуриб битказилган кундан бошлаб беш йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиқларидан озод қилиниши.
Шунингдек, ҳамкорликка тайёр фаол инвесторларга фаолияти юзасидан бошқарманинг тажрибали ҳуқуқшунослари томонидан беминнат ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиб борилади.
Мурожаат учун телефон рақамлари:
Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармаси 0371-230-32-48; 0371-230-32-49.
Шунингдек, тегишли туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ва ҳокимликларга мурожаат қилиш мумкин.
Изоҳ (0)