Matiz автомобили олиб қочилгани ҳақидаги хабар Тошкент шаҳрида бир зумда барча ЙПХ постларига келиб тушди. Бу ҳақда ИИББ ахборот-мультимедиа маркази маълум қилди.
Барча назоратчилар қатори ЙПХ бригадасининг 3-дивизиони мобил гуруҳи инспектори Дилшод Жўраев «Назарбек» постидан ўтаётган машиналарни синчиклаб текширар экан, қидирувдаги машинани дарров пайқади ва унга тўхташ буйруғини берди.
Бироқ, ЙПХ ходимига бўйсунмаган жиноятчи тезликни ошириб, ҳаракатни давом эттирди. Шунда инспектор автомобиль капот устига ўзини отади, бироқ содир этган жиноятининг жазосидан қўрққан қонунбузар машина рулини турли томонга буриб, ходимдан қутилмоқчи бўлади. Машинанинг қисқа бурилишлари оқибатида йиқилиб тушган ходим эса тан жароҳатини олди. Бироқ жиноятчи бошқа хизматдошлар томонидан барибир қўлга олинди.
Ушбу ҳолат юзасидан, Учтепа туман прокуратураси томонидан муқаддам судланган, 1985 йилда туғилган Ш.Шукурга нисбатан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суд томонидан 11 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланди.
Изоҳ (0)