ЎзА ҳимоя ҳуқуқининг таъминланиши борасидаги ўзгаришлар ҳақида мақола эълон қилди. Уни тўлиғича келтириб ўтамиз.
Бундан анча йиллар муқаддам танишимга адвокат керак бўлиб қолди. Адвокатлик фирмасига бориб, сўраб-суриштириб бир адвокат билан шартнома туздик. У зарур маълумотларни тўплади ва судда мижозини ҳимоя қилиш учун барча далилларни илгари сурди. Аммо ҳукм эълон қилинганда адвокатнинг бирорта фикри инобатга олинмаган эди.
Ҳа, адвокатнинг судда ютиб чиқиши, мижозини озод эта олиши биз учун фақат ҳинд киноларида мавжуд эди. Амалда эса адвокат имкон қадар ҳаракат қилади, аммо уни ҳеч ким гўё эшитмас, назарига ҳам илмасди.
Аммо фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиши шартлиги инсон ҳуқуқларига оид конвенция, конституция ва қонунларда яққол акс эттирилган. Жумладан, бу йил 70 йиллиги нишонланадиган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар инсонга ҳимоя учун барча имкониятлар таъминланиши зарурлиги қайд этилган. Мазкур қоида Бош қомусимизда ҳам ўз ифодасини топган бўлиб, айбланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланиши, фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият юритиши белгилаб қўйилган.
– Адвокатлар эркин фаолият юритиши, ҳимояси остидаги шахс билан монеликсиз учрашиши мумкинлиги қонунларимизда мавжуд эди, – дейди Ўзбекистон адвокатлар палатаси раиси вазифасини бажарувчи Шуҳрат Содиқов. – Амалда эса суриштирув ва тергов органлари ходимлари томонидан бу тўлиқ таъминланмасди. Бунга Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида эътибор қаратиб, мазкур органларнинг юзаки сабабларга кўра адвокатларга тўсқинлик қилганликларини кескин танқид қилди.
Дарҳақиқат, айнан мана шундай омиллар сабаб ҳам адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмади. Адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омиллар ҳамон мавжуд.
Зеро, бугун ҳаёт бошқа соҳалар қатори адвокатлик институти олдига ҳам тўлақонли фаолият юритиш талабини қўймоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат томонидан адвокатура йўлига тўсиқ бўлаётган ғовларни олиб ташлаш, адвокатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш учун зарур имкониятлар яратилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони шу мақсадга хизмат қилади.
Фармондаги энг муҳим жиҳат – адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқаришга эътибор қаратилганидир. Чунки айнан мана шу зарурий омиллар таъминланмасдан туриб адвокат талаб даражасида фаолият юритиши қийин.
Шу пайтгача биргина суд биносида адвокат хонаси бўлмаганининг ўзи унга бўлган муносабатни ифода этган, десак муболаға бўлмайди. Адвокат суд мажлиси бошланишини бошқа иштирокчилар қатори суд зали эшигида кутиб турган. Ҳолбуки, у ҳам судья, прокурор каби олий юридик маълумотга эга бўлган, ҳуқуқи улардан асло кам бўлмаган инсититут вакилидир.
– Мана шу муаммо бартараф этилгани, яъни эндиликда суд биноларида адвокатлар учун хоналар ажратилиши соҳа ходимларига бўлган юксак эътибор намунаси бўлди, – дейди Ш.Содиқов. – Бу имконият адвокатнинг суд мажлиси олдидан тегишли ҳужжатларни қайта кўздан кечириш, мажлисга пухта тайёргарлик кўришини таъминлаб қолмасдан, унинг ҳурматини жойига қўйишга қаратилган муҳим қадам бўлди.
Эндиликда адвокатларнинг ўз ҳимояси остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади. Бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда, уларни визуал кўриб туриш имконияти сақланиб қолинади.
Бу нафақат адвокатларга, балки унинг хизматидан фойдаланаётган инсонларга берилган катта имкониятдир. Шу пайтгача гарчи адвокат мижози билан ҳибсхона, қамоқхоналарда учрашган, суҳбатлашган бўлса-да, аммо уларнинг суҳбатлари бошқалар томонидан эшитилмаётгани ёки ёзиб олинмаётганини аниқ билмасди. Бу мавҳумлик эса уларнинг ўзларини эркин тутишига, албатта, монелик қилган. Айнан шу ҳолатга барҳам берилиши мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига бўлган эътибор кучайганининг яққол далили бўлди.
Президент фармонидаги яна бир муҳим жиҳат шуки, эндиликда адвокат ўз профессионал фаолиятини амалга ошириши учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддасига қатъий риоя этган ҳолда, суд биносига компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини монеликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга. (Ёпиқ суд мажлислари бундан мустасно ва қайд этилган қурилмалардан суд биноси ичкарисида фойдаланиш суд жараёнини ўтказиш тартибини бузмаслиги керак).
Адвокатнинг замонавий имкониятлардан суд жараёнида эркин фойдаланиши далилларни асослаш, исботлашда янги имкониятлар очади. Бу ҳимоя ҳуқуқи кучайишини таъминловчи муҳим омиллардан бирига айланади.
Адвокатларнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган, давлат ва бошқа органлардан ҳамда корхона, муассаса ва ташкилотлардан маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар ёки уларнинг нусхаларини олиш учун сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шарт. Давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ўз ичига олган маълумотлар бундан мустасно.
Шу пайтгача адвокатларнинг турли ташкилотларга йўллаётган сўровлари кўп ҳолларда, энг аввало, давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан эътиборсиз қолдирилаётгани янги тартибнинг аҳамияти нечоғли катта эканини англатади. Қолаверса, адвокат сўровини кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатлари, билатуриб ёлғон ёки нотўғри ахборотни тақдим этганлик учун жавобгарлик белгиланмагани ҳам адвокатнинг фаолиятига соя солиб келган.
Алоҳида қайд этиш керакки, 2018 йил 1 июлдан бошлаб адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади. Адвокат томонлардан бирининг вакили бўлган ҳолатлар бундан мустасно, албатта.
Аввал адвокатда бундай ҳуқуқ бўлмагани, ярашув учун фақат томонлардан бири судга мурожаат қилиши мумкинлиги, адвокатни ярашув инситутида иштирок этишини чеклаган. Шу билан бирга, адвокат қарши томон билан мулоқотга киришиши қонун билан тақиқланган. Бу эса, табиийки, томонларни яраштириш бўйича адвокат ҳатто ҳаракат ҳам қила олмаганини англатади.
Эндиликда бундай янги имкониятлар, адвокат сўровига мансабдор шахсларнинг жиддий ёндашиши талаб этилиши ҳимояга оид далиллар сифати ошишига, ҳимоя ҳуқуқи кучайишига йўл очади. Адвокатнинг томонларни яраштириш чораларини кўриши эса уларнинг манфаатларини таъминлаб қолмасдан, судларда ишларининг кескин камайишига олиб келишишига асло шубҳа йўқ.
Фармон асосида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартириладиган бўлди. Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади.
Лицензияни тугатиш учун асос бўладиган адвокат томонидан узрли сабабларсиз ўз касб мажбуриятларини бажармаслик муддати амалдаги уч ойдан олти ойга узайтирилди.
Адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилмоқда.
Адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилади.
Бу имкониятлар ҳам соҳа вакилларининг эркин фаолият юритишига, юрист кадрларнинг адвокатлик билан шуғулланишга бўлган иштиёқи ошишига хизмат қилади.
Адвокатлар палатаси вакилининг қайд этишича, бу жараёнда палата ўзига хос ўрин тутиб, адвокатларнинг манфаатлари таъминланиши, улар учун барча зарур шарт-шароитлар таъминланишига оид амалий ишларни бошлаган.
Айни пайтда фаолият юритаётган 1,6 минг адвокатлик тузилмасини, уларда хизмат қилаётган 4 мингга яқин адвокатларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида қонуний манфаатларини қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўради.
Адвокатлар малака даражаларининг таъсис этилиши соҳа ходимларини ўз касбини сидқидилдан адо этишга, сифатли юридик хизмат кўрсатишга рағбатлантиради.
Буларнинг барчаси жамиятимизда адвокатуранинг роли ва ўрни мустаҳкамланишига замин яратади. Адвокатлик тузилмалари ва адвокатлар томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатишни ривожлантириш механизми яратилиши эса барчанинг ҳимоя ҳуқуқидан баҳраманд бўлишини таъминлайди.
Бир сўз билан айтганда, эндиликда ҳимоя ҳуқуқи фақат қоғозда эмас, амалда таъминланади. Бунинг учун барча шароит яратилиши билан бирга, соҳа вакиллари зиммасига юксак масъулият ҳам юкланди.
Изоҳ (0)