Швейцариянинг Женева шаҳрида 21 майдан бери давом этаётган Жаҳон соғлиқни сақлаш ассамблеяси 71-сессиясида, аввал хабар берилганидек, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашмоқда.
Вазирликдан «Дарё»га маълум қилишларича, сафар давомида вазир Шодмонов Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус билан икки томонлама алоҳида учрашув ўтказган.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режалар ва дастурлар ҳақида маълумот берилган.
Суҳбат давомида Тедрос Гебрейесус Ўзбекистон тиббиёт тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни «тарихий воқеалар» деб атаб, уларга шахсан гувоҳ бўлиш мақсадида 2018-йининг ўзида Ўзбекистонга ташриф буюришини билдирган.
«Шунингдек, у Ўзбекистон ва ЖССТ ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ҳар доим тайёр эканлигини таъкидлади», — дейилади вазирлик ахборотида.
Изоҳ (0)