Пентагон Россиянинг Марказий Осиё мамлакатларида ИШИД террорчи гуруҳи тарқалиши таҳдиди тўғрисидаги хавотирларига қўшилмайди. Америка ҳарбийларига кўра, бу каби баёнотлар «Россия тарғиботи»дан иборат, дея маълум қилади «РИА Новости».
Олдинроқ Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Олег Сиромолотов Афғонистон халқаро терроризмнинг таянч нуқтасига айланаётганини билдирганди.
Дипломатнинг таъкидлашича, ушбу мамлакатда ИШИДнинг 4 мингдан 10 минг нафаргача жангариси бор. Террорчилар қонуний ҳукуматларни ағдариш, Марказий Осиё давлатлари ва Россиядаги ҳудудларни босиб олиш, шунингдек, «Шимолий Хуросон» квазидавлатини барпо этиш ниятини яшираётгани йўқ.
Бироқ АҚШ ҳарбий ташкилоти Москванинг бу ҳадикларини «беҳуда» деб ҳисобламоқда.
«Россия АҚШнинг Афғонистондаги уринишларини йўққа чиқариш учун ИШИД борасидаги глобал ҳавотирларни авж олдиришда давом этмоқда. Москва бизни Марказий Осиёдаги шерикларимиз билан айириш учун ҳар қандай имкониятни қидирмоқда. ИШИДнинг Марказий Осиёни босиб олишга уринишлари ҳақидаги асоссиз айбловлар ҳам тарғиботдан бошқа нарса эмас», — деди Пентагон матбуот хизмати вакили подполковник Кон Фолкнер.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)