Ислом дунёси Қуддус имтиҳонини уддалай олмади, деб баёнот берди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон. У АҚШ элчихонасининг Тель-Авивдан Қуддусга кўчирилишига мусулмон мамлакатлари томонидан суст муносабат билдирилгани ҳолатига шундай изоҳ берди, деб ёзади Sputnik.
«Қуддус — бу шунчаки шаҳар эмас. Бу мусулмонлар учун белги, бу имтиҳон. Ислом дунёси бу имтиҳонни топшира олмади. Бутун дунё ҳам ундан ўта олмади, БМТ АҚШ томонидан йўл қўйилган ҳаракатга самарали қаршилик кўрсата олмади. Биз, мусулмонлар, қоралашдан бошқа ҳеч вақо қилмаяпмиз», — деди Эрдўғон Ғазо секторидаги Исроил ҳаракатларига қарши Истанбулда минглаб одамлар тўпланган норозилик митингида.
Эрдўғоннинг сўзларига кўра, «агар мусулмонлар бирдам бўлса ва биргаликда зулмга қарши чиқса, у ҳолда Исроил номаъқулчилиги узоққа бормайди». Шу билан бирга турк етакчиси яҳудийларни сионистларга ўхшатиш керак эмаслигини қўшимча қилди ва америкаликларни «АҚШ раҳбарияти содир этаётган хатоликларга нисбатан овозларни баландлатишга» чақирди.
Митингда Туркия бош вазири Биноли Йилдирим ҳам чиқиш қилиб, «Фаластин халқининг адолатли кураши — Туркиянинг ҳам кураши» деб айтди. Йилдирим Исроил етакчисини фашист Германияси ва Италияси раҳбарларига қиёслади.
«Исроил ҳукумати Гитлер ва Муссолинига тақлид қилган ҳолда, бутун дунёга ўзларининг асл мақсадларини кўрсатмоқда — улар оккупантлар бўлиб, ҳуқуқ нормаларини мутлақо назарга илмайди», — деди Туркия бош вазири.
Америка элчихонаси Қуддусга кўчирилган кунда Ғазо секторида норозилик акциялари бошланиб кетди. Исроил аскарлари тартибсизлик иштирокчиларига қарата тўғридан-тўғри ўт очди. Сўнгги маълумотларга кўра, тўқнашувларда 60дан зиёд фаластинликлар ҳалок бўлган.
Эрдўғон ушбу ҳаракатларни геноцид деб атади ва Туркияда уч кунлик мотам эълон қилди. Бундан ташқари, Анқара маслаҳатлашув учун АҚШ ва Исроилдан ўз элчиларини чақириб олди, Исроил элчисига эса мамлакатни тарк этишни таклиф этди.
Изоҳ (0)