Бу йил Қозоғистонда эълон қилинган «Ўзбекистон йили» муносабати билан президент Нурсултон Назарбоев 10 минг нафар ўзбек ёшлари учун грант ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Самарқанд давлат университетида бошланган «Қозоғистон таълим кунлари» илмий-маърифий кўргазмасида бу ҳақда батафсил маълумот берилди.
Кўргазмада Қозоғистоннинг Турон университети, Жанубий Қозоғистон, Олмаота, Қарағанда, Чимкент давлат университетлари, Тоғ-кон индустрияси институти каби 15 та олий ўқув юртининг таълим йўналишлари ва ихтисосликлари бўйича тақдимотлари ўтказилмоқда.
— Ҳозирда Қозоғистон олий таълим муассасаларида 4 мингга яқин ўзбекистонлик таҳсил олмоқда, — дейди Қозоғистон таълим ва фан вазирлиги вакили З.Тўребекова. — Бу йил юртимизда эълон қилинган «Ўзбекистон йили» муносабати билан президент Нурсултон Назарбоев яна 10 минг нафар ўзбек ёшлари учун грант ажратишга қарор қилди. Бу ерга келишдан аввал Навоий кончилик институти билан меморандум имзоладик. Самарқанд олий ўқув юртлари билан ҳам бакалавр, магистратура ва докторантура босқичлари, замонавий ахборот технологиялари, масофадан туриб ўқитиш, халқаро стандартларга мос кадрлар тайёрлаш масалаларида ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз.
Тадбир иштирокчиларига «Қозоғистон – Ўзбекистон: катта йўлнинг бошланиши» ҳужжатли фильми намойиш этилди.
Кўргазма 20 майга қадар давом этади.
Изоҳ (0)