Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 3 май куни Корея Республикасининг Шимол билан иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўмитаси раиси Сон Йон-гил бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Давлат раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, дўст Жанубий Корея раҳбарияти ва халқини жорий йил 27 апрель куни Пханмунжомда Кореялараро саммит муваффақиятли ўтгани билан яна бир бор табриклади.
Ушбу тарихий тадбир Жанубий Корея Президенти Мун Чжэ Иннинг КХДР билан муносабатларни яхшилаш, минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, ишонч муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган «Янги шимолий сиёсат»ни рўёбга чиқариш борасидаги қатъий позицияси ва саъй-ҳаракатлари туфайли самарали натижалар бераётгани алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани чуқур мамнуният билан қайд этилди.
Суҳбат чоғида мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий, молиявий-инвестициявий, инновация ва гуманитар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Сон Йон-гил Ўзбекистон раҳбарига самимий қабул ва табрик учун миннатдорлик билдириб, Президент Мун Чжэ Иннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Изоҳ (0)