Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази шароитлари билан танишди, деб хабар берди Президент матбуот хизмати.
Намангандаги Давлат хизматлари маркази кунига 800 дан ортиқ шахсга 60 га яқин хизмат кўрсатиш имконияти яратилган. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган.
Келувчилар учун тиббиёт хонаси, болалар майдончаси, ошхона ташкил этилган.
Президент аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган хизматлар турлари, сифати ва тезкорлиги билан қизиқди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш жараёнини кўздан кечирди.
Муассаса ходимлари билан мулоқотда хизмат турларини янада кўпайтириш, аҳолининг интернет хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш зарурлиги таъкидланди.
«Бу тизимдан энг катта мақсад — одамларнинг оғирини енгил қилиш. Ҳамма ҳудудларни ва хизматларни шу тизимга қамраб олсак, сарсончилик, адолатсизлик, коррупция бўлмайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президенти ушбу марказ биносида жойлашган «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолияти билан ҳам танишди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 декабрдаги «Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, шаҳар ва туманларда унинг марказлари ташкил этилган эди.
Изоҳ (0)