Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳрида «Лимакс голд текстиль» масъулияти чекланган жамияти шаклидаги чет эл корхонаси иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда корхона ишчи-ходимлари иштирок этди.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилиши учун хитойлик сармоядорлар томонидан 3 миллион долларлик инвестиция киритилди. Корхонада кунига 30 минг жуфт пайпоқ ишлаб чиқарилади. Маҳсулотнинг 70–80 фоизи экспорт қилинади.
Оҳангарон шаҳрининг 2018 йилги экспорт режаси 415 минг долларни ташкил этади. Жорий йилнинг биринчи чорагида 134,7 минг долларга тенг саноат маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Бугунги кунда шаҳарда енгил саноат йўналиши бўйича 7 корхона экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.
Шаҳар ҳокимлиги томонидан жорий йилда яна 13 лойиҳани амалга ошириш бўйича иш олиб борилмоқда. Шундан 11 таси айнан енгил саноат йўналишида бўлиб, уларнинг ишга туширилиши натижасида яна мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Изоҳ (0)