Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бюроси Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистонга визасиз учиб келган икки нафар хорижий фуқарога сайёр виза расмийлаштирди, деб хабар беради «Газета.uz».
1 май куни учиб келган Австралия фуқароси Мария Кристиан Вольф ва Буюк Британия фуқароси Жеральд Сеймурнинг ёнида на қабул қилувчи тарафнинг таклифномаси, на виза бор эди.
«Мазкур мамлакат фуқаролари учун соддалаштирилган виза тартиби жорий этилган. Уларга икки иш куни мобайнида виза берилади», — дейди ТИВ консуллик бюроси ходими.
Ўзбекистонда ваколатхонаси бўлмаган давлатлар фуқароларига улар Тошкентга келганидан сўнг қабул қилувчи тарафнинг таклифномаси кўрсатилганидан сўнг виза берилади.
ТИВ консуллик бюроси ходимлари хорижлик фуқаролар билан суҳбатлашиб, улар тушунмовчилик сабаб визасиз учиб келганини аниқлади ҳамда уларга 15 кунлик визани тақдим этди.
«Бундай ҳолатлар аэропортда юз беради. Йил бошидан буён биз Ўзбекистонга виза ёки таклифномасиз учиб келган 15 нафар хорижий фуқарога виза расмийлаштирдик», — дейди ТИВ консуллик бюроси ходими.
Изоҳ (0)