Президент Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Оллий аттестация комиссияси фаолиятини танқидий ўрганиб чиқишни топширган эди, деб ёзади Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида.
Унинг қайд этишича, «илмий даражаларни беришда илгари сифатни қўллаб-қувватлаш зарурати билан асосланган қоғозбозликка қарамай, айни пайтда халқаро кўрсаткичлар бўйича ушбу соҳада мамлакатимиз фахрланадиган ҳеч нарса йўқ».
Шерзод Шерматов 2016 йилги Scopus маълумотлар базаси статистикасини келтириб ўтди. Унга кўра, Ўзбекистонда иқтибос олинадиган илмий мақолалар сони 575 тани ташкил қилган, Қозоғистонда эса бу кўрсаткич 3066 га тенг бўлган.
Бундан ташқари, 2,5 минг нафардан ортиқ фан докторлари орасида бор-йўғи 300 киши Хирш индексига эга, шуларнинг 32 нафарида Хирш индекси 5 дан юқори.
Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, илмий даражалар олишнинг ўта мураккаб тизими борлигига қарамай, бу Ўзбекистонда илмий фаолият сифатининг халқаро талабларга мувофиқ яхшиланишига туртки бермайди.
«QS ва ТHЕ университетлар халқаро рейтингларининг иккаласи ҳам университетларни Топ-1000 таликка киритиш масаласини кўриб чиқиш учун Scopus журналларида камида 200 та илмий мақола чоп этилишини талаб қилади. Шунинг учун бутун республикада йилига атиги 575 та мақола чоп этилаётган бир пайтда бизда бирорта ҳам бундай университет йўқ!» — деб ёзди у.
Шерзод Шерматов жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган Президент фармони лойиҳаси бўйича таклифлар билдиришга чақириб қолди.
Изоҳ (0)