2019–2022 йилларда ҳар йили 12 500 тонна элита картошка уруғини импорт қилиш ва картошкани биотехнологик усулда витро шароитида етиштириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Картошка етиштирувчилар уюшмасига таяниб, ЎзА хабар берди.
Бу йил Ўзбекистонда картошка етиштириш учун 74 минг 175 гектар майдон ажратилган. Картошка етиштиришга ихтисослаштирилган туманлардаги фермер хўжаликларига 40 000 тонна уруғлик картошка импор қилинади.
Ҳозирда Ўзбекистонда картошканинг эртапишар навларидан – латона, фреско, ред скарлет; ўртаги эртаги навлардан – кондор, марфона, романо, курода, санте; ўртапишар навлардан – умид-2, аладин, аринда, арнова; ўртаги кечки – мондиал, диамант, пикассо каби навлар экилади. Уларнинг экиш муддатлари вилоятларнинг тупроқ иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.
Статистик маълумотларга кўра, шу кунга қадар аҳолининг картошкага бўлган талабининг асосий қисми томорқаларида етиштирилган ёки чет давлатлардан импорт қилинган ҳосил эвазига қопланган. Бу эса ички бозорда нарх-навонинг ошишига, касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайишига, маҳсулотларнинг стандарт талабларига мос келмаслигига турли хилдаги репродуктив навларнинг экилиши натижасида ҳосилдорликка таъсир этган.
Шавкат Мирзиёевнинг қарори асосида Картошка етиштирувчилар уюшмасининг ташкил этилиши Ўзбекистонда юқори ҳосилли уруғлик картошка билан ички бозорни тўлдириш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш, ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаш, нав тозалиги ва уруғликни стандарт талабларига мослигини таъминлайди.
Картошкачиликни ривожлантириш мақсадида Қўрғонтепа тумани, Шаҳрисабз, Китоб, Янгиқўрғон, Булунғур, Зомин, Бахмал, Бўстонлиқ ва Сўх туманлари келгусида уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилади.
Шунингдек, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Жиззах, Фарғона вилоятларида картошкачилик маркази, Ўсимликлар технологияси ва Инвитро лабораторияларини ташкил этиш тадбирлари бошлаб юборилди.
Изоҳ (0)