2018 йил январь-март ойларида Ўзбекистон Республикасида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 1 548,3 минг сўмни ташкил қилди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда. Бу 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 20,1 фоизга кўп демакдир.
Бунинг таркибига иш ҳақига устама, мукофот, рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар, компенсация ва ишланмаган вақт учун ҳақ каби тўловлар киритилган, шунингдек унинг таркибида жисмоний шахслар даромад солиғи, ижтимоий суғурта ва касаба уюшмасига тўловлар ҳам мавжуд.
Давлат статистика қўмитасига кўра, ўртача иш ҳақининг энг юқори кўрсаткичлари молия ва суғурта соҳасида (2 774 минг сўм, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш — 28,6 фоиз), ахборот ва алоқада (2 722 минг сўм), саноатда (2 315 минг сўм, 27,5 фоиз), ташиш ва сақлашда (2 101 минг сўм, 21,1 фоиз) қайд этилган.
Ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи кўрсаткичини республика ҳудудлари бўйича кўрадиган бўлсак, ўртача ойлик иш ҳақининг юқори миқдори Тошкент шаҳрида 2 129,9 минг сўмни (республикадаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 137,6 %), Навоий вилоятида 2 118,8 минг сўмни (136,8 %) ва Тошкент вилоятида 1 686,7 минг сўмни (108,9 %) ташкил этган бўлса, Наманган вилоятида 1 223,9 минг сўмни (79,0 %), Самарқанд вилоятида 1 234,8 минг сўмни (79,8 %) ташкил этиб, бошқа ҳудудларга нисбатан кам миқдорга эга бўлмоқда.
Изоҳ (0)