Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силва мамлакат жанубидаги Куритиба шаҳрида жойлашган Федерал полиция биносига вертолётда етказилди. У ерда собиқ президент коррупция иши бўйича жазо ўташни бошлайди. Тегишли кадрларни 7 апрель куни кечқурун Globo телеканали тўғридан-тўғри эфирда намойиш этди, деб ёзади «ТАСС».
Собиқ президентни олиб келган вертолёт полиция биноси томида жойлашган майдончага қўнди. Сиёсатчини бир нечта ҳуқуқ-тартибот ходими кутиб олди ва уни бино ичкарисига кузатиб кирди. Суд қарорига мувофиқ собиқ президентнинг қўллари кишанланмаган.
Куритибадаги полиция биноси олдида Лула да Силвадан норозилар тўпланди. Улардан кўпчилиги сиёсатчининг ҳибсга олинишини бир суткадан ортиқ кутган. Шунингдек, бино яқинида собиқ президентнинг тарафдорларидан иборат гуруҳ ҳам тўпланган.
Эслатиб ўтамиз, январь ойи охирида тўртинчи округ федерал суди сиёсатчининг иши бўйича айблов ҳукмини тасдиқлади ва унга нисбатан тайинланган тўққиз йил-у олти ойлик қамоқ жазосини 12 йил-у бир ойгача узайтирди.
Изоҳ (0)