Сурхондарё вилоятида Ўзбекистон — Туркия саломатлик ҳафталиги бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ҳафталик доирасида туркиялик профессорлар, пластик жарроҳлар, малакали шифокорлар Термиз шаҳридаги вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг турли ҳудудларидан келган юз соҳасида туғма ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.
— Қардош давлатдан келган профессорлар, тажрибали мутахассислар бир ҳафта давомида бемор болаларни қабул қилади, — дейди «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди Сурхондарё вилояти ҳудудий филиали бош мутахассиси М. Ҳафизова. — Тиббий кўрик жараёнида жарроҳлик амалиёти ўтказишни талаб этадиган юз соҳасида туғма ва куйишдан кейинги асоратлари бўлган болалар сараланиб, соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда. Делегация аъзолари ташхис қўйиш ва даволашда ўзлари билан олиб келган дори-дармон ҳамда санитария-гигиена воситаларидан фойдаланмоқда.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрик давомида жарроҳлик амалиётини қўллаш ташхиси қўйилган бемор болалар вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига жойлаштирилмоқда.
Ҳафталик 14 апрелгача давом этади.
Изоҳ (0)