АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ўринбосари Ренди Берри бошчилигидаги делегация 6 апрель куни Олий Мажлис Сенатида музокара ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Учрашувда Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев Ўзбекистон ва АҚШ ҳамкорлиги изчил тараққий этаётгани, икки давлат раҳбарларининг мулоқотлари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожига янги суръат бағишлаганини таъкидлади.
Мулоқотда мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва фуқаролик жамияти институтларининг давлат бошқарувидаги иштирокини таъминлашда парламентлараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Давлат ва жамият ҳаётида кечаётган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида ўзаро тажриба алмашувини фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бўлиб ўтган мулоқотда виждон ва диний эътиқод эркинлиги, фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, қонуний манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, диний ташкилот фаолияти ҳақида сўз юритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов мамлакатда турли динлар ўртасидаги муносабат бағрикенглик, ҳамжиҳатлик тамойиллари асосига қурилгани, диний бағрикенглик соҳасидаги ташаббуслар тинчликни асраш, соф ислом маърифатини кенг ёйишга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ренди Берри Ўзбекистонда табаррук қадамжоларни ободонлаштириш, миллий-диний урф-одатларни асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар таҳсинга лойиқ эканини таъкидлади.
Изоҳ (0)