Хивалик фуқаро МИБ ходимига пора таклиф қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Бу ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси томонидан Хива шаҳридаги Соҳибкор кўчаси, 52-уйда табиий газ ва электр энегияси бўйича назорат-текширув тадбири ўтказилаётган пайтда содир бўлди.
Хонадоннинг табиий газдан 3 миллион 247 минг сўм қарзи борлиги аниқланди. Давлатназар Каримов қарздорликни қонуний тарзда бартараф этишдан кўра, бу масалани бюронинг туман инспектори билан ҳал этишни маъқул кўрди. У инспекторга қарздорликни йўқ қилиб бериш, ҳисоблагични махсус кўрикдан яроқсиз, деб ўтказиб беришини сўраб, 500 минг сўм пора таклиф қилади.
Бироқ ишим «ўнгидан келди» деб ўйлаган фуқаронинг нияти пучга чиқди. Инспекторга ана шу пулни пора тариқасида бераётганида МИБнинг вилоят бошқармаси ички хавфсизликни таъминлаш шўъбаси ва тезкор ходимлари томонидан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат бўйича Давлатназар Каримовга нисбатан тўпланган ҳужжатлар ҳамда далилий ашёлар терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун Хива шаҳар прокуратурасига юборилди.
Изоҳ (0)