Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзгидромет, Давлат геология қўмитасининг хавфли геологик жараёнларни кузатиш маркази, «Ўзбекэнерго» Давлат акциядорлик компанияси ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги мутахасиссларидан иборат гуруҳ томонидан Пскем ва Ойгаинг дарёларининг ҳавзаси аэровизуал ўрганилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Аэровизуал кузатув ишлари Пскем ва Ойгаинг ҳавзаларининг баланд тоғларидаги қор захираларининг қалинлиги, қор кўчиши, ер кўчкиси содир бўлиши мумкин бўлган майдонларни ўрганиш ҳамда дарёларнинг Чорвоқ сув омборигача бўлган ҳудудларининг сув ҳажмини баҳолаш мақсадида олиб борилади.
Ўзбекистон Республикаси тоғли ва тоғолди минтақаларини аэровизуал кузатувлар ўтказиш фавқулодда вазиятларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли гидрометеорологик ва геологик жараёнлар динамикасини ўрганиш имкониятини беради, ўрганиш натижалари асосида огоҳлантириш ва олдини олиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилади. Ушбу хавфли ҳодисалар юзага келиш эҳтимоли юқори бўлса, қор кўчкиси, сел, ер кўчкиси тўғрисида тегишли ташкилотларга хабар қилинади.
Парвознинг биринчи куни якунланди, навбатда Сангардак, Тўпаланг ва Оҳангарон дарёларининг ўзанларини ўрганиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)