Германиялик дизайнерлар ноодатий ҳаво тозалагични яратди. CityТree номини олган қурилма 275 та дарахтдек самарали ишлайди ва ундан одатдаги ўриндиқ сифатида фойдаланиш мумкин, деб хабар берди National Geographic.
Тирик бутани ўриндиқ билан бирлаштириш ғояси Дрезденнинг Green City Solution компаниясига тегишли. Ўриндиқ тўрт метрли вертикал панеллар билан жиҳозланган. Унга бриофит ўсимликларнинг 1682 та туваги жойлаштирилган бўлиб, улар ҳаводаги зарарли зарраларини ўзига ютади.
CityТree қуёш батареяларидан ҳосил бўладиган энергия ҳисобига ишлайди. Унинг мониторинг тизими ҳавонинг ифлосланиш даражаси ва ҳароратини аниқлайди. Фильтрлаш натижасида ҳосил бўлган ёмғир суви махсус резервуарга тушиб, ўсимликни суғоришга сарфланади. Бундан ташқари ўриндиқ Wi-Fi ҳам тарқатади, махсус қопламалар граффитлардан ва бошқа содир этилиши мумкин бўлган бузғунчиликлардан ҳимоя қилади.
275 та дарахтнинг «ишини» бажарувчи CityТree уларнинг 1 фоизгина майдонини эгаллайди, бу эса тирбанд шаҳарларда ортиқча жойни талаб этмайди.
Айни вақтда ушбу ўриндиқлар Берлин, Париж, Пекин, Роттердам, Осло ва бошқа мегаполисларга ўрнатилган.
Изоҳ (0)