Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари, қишлоқлар, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда 18—19 март кунларига белгиланган умумхалқ хайрия ҳашари бошланди. Эрта тонгдан барча ҳамжиҳатликда ободонлик ишларига киришди, дея хабар беради ЎзА.
Ҳашар кунлари 44 минг гектарга яқин майдонни ободонлаштириш ва тозалаш, 27 минг километрга яқин узунликдаги ариқ ва лотокларни тозалаш, 8 мингдан ортиқ қабристон, 760 дан зиёд зиёратгоҳ ва қадамжоларни ободонлаштириш, 18 миллионга яқин дарахтни оқлаш ва шакл бериш режалаштирилган.
12 миллионга яқин манзарали, 10 миллиондан ортиқ мевали кўчат, 14 миллиондан ортиқ гул кўчати ўтқазилади.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига беминнат мурувват ёрдамлари кўрсатиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Кам таъминланган оиланинг уй-жойларини ҳашар йўли билан таъмирлаш ва тартибга келтириш, эҳтиёжманд оила, ногирон ва ёлғиз қариялар, уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳашар кунлари ўз иш жойида меҳнат фаолиятини давом эттирган ҳар бир корхона, муассаса, ташкилотлар ходимлари ҳам умумхалқ хайрия ҳашарига ўз улушини қўшмоқда.
Изоҳ (0)