Бектемир кичик саноат зонасида Президент қарорлари ижроси тўлиқ таъминланмаган, айрим тадбиркорлар имтиёзли кредит олиш учун ойлаб сарсон бўлмоқда. Бу ҳақда ЎзА
хабар берди.
Тадбиркорлик ҳудудининг умумий майдони 5 гектар. Шундан 29 минг квадрат метр майдонда ишлаб чиқариш бинолари жойлашган.
— 14 тадбиркорга ишлаб чиқариш майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 5 тадбиркор ўз фаолиятини бошлаган. Қолган 9 тадбиркоримиз ўзига ажратилган бинода таъмирлаш ишларини тугатиб, ускуналар харид қилиш, уларни олиб келиб, ўрнатиш билан машғул, — дейди «Бектемир кичик саноат зонасини бошқариш дирексияси» раҳбари Маҳаммаджон Алиев. — 8 тадбиркорнинг имтиёзли кредит олишга эҳтиёжи бор. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга мурожаат билан чиқдик. Ҳалигача кредит ажратилгани йўқ. Агар белгиланган тартибда имтиёзли кредит ажратилса, улар ускуналар харид қилиш имконига эга бўлади ва иш фаолиятини тезроқ бошлайди.
Фаолиятини бошлаган 5 тадбиркорлик субъекти бугун қурилиш материаллари, маиший техника, мебеллар ишлаб чиқармоқда. Қолган 9 тадбиркорда қандай муаммо мавжуд?
— Бизга ажратилган бинода реконструкция ишларини тугатдик. Бу ерда жинси матосидан тайёр кийим-кечаклар тикиб, асосий қисмини экспортга чиқармоқчимиз. Бунинг учун бизга банк кредити жуда зарур бўлиб турибди, — дейди «Арк бизнес инвест» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Шуҳрат Усмонов. — Шу масалада 2017 йилнинг ноябрь ойидан буён ҳаракатдамиз. Дирекция орқали ҳам, ўзимиз ҳам тегишли банкка, шаҳар ҳокимиятига мурожаат билан чиқдик.
Тадбиркор Ш. Усмановнинг қиймати 1,4 миллион долларлик лойиҳаси анчагина салмоқли ва истиқболли. Тадбиркор 1 йилда ўртача 550 минг дона тайёр кийим-кечак ишлаб чиқармоқчи. 95 янги иш ўрни яратилади. Лойиҳани 2018 йилнинг 2-чорагида ишга туширишни режалаштирган. Бунинг учун ўз сармояси ҳисобидан ишлар бошлаб юборилган. Хусусан, Туркия ва Хитойдан зарур ускуналар харид қилиш учун шартномалар тузилган. Замонавий ускуналарнинг бир қисми етиб келиш арафасида. Аммо мазкур ускуналар учун бутловчи қисмлар, ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида янги технологияларни жалб этиш зарур. Бунинг учун тадбиркор 640 минг доллар қийматида банкнинг имтиёзли кредитига эҳтиёж сезмоқда.
Изоҳ (0)