Ўзбекистон Олий судига озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган Нилуфар Марипова мурожаат қилиб, суд ҳукми билан ўзига қўйилган «ўта хавфли рецидивист» атамасини чиқаришни сўраган. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани судининг 2016 йил 17 октябрдаги ҳукмига кўра Н. Марипова ЖКнинг 25 (жиноятга суиқасд) ва 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми «а» банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, 34-модда 3-қисми «б» бандига асосан «ўта хавфли рецидивист» деб топилган.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 11 ноябрдаги ажрими билан мазкур ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
1986 йилда туғилган, оилали, икки нафар фарзанди бор аёлга нисбатан чиқарилган оғир ҳукмни суд Н. Марипованинг бир неча маротаба судлангани билан асослаган.
Дарҳақиқат, Н. Марипова муқаддам уч маротаба ўғирлик қилишга суиқасд қилиб, ҳар сафар жиноятини охирига етказа олмай ушланган ва судланган.
Жумладан, у 2008 йилда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор тумани судининг 29 апрелдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 25 ва 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига шартли ҳукм қилиниб, 1 йил синов муддати белгиланган.
Иккинчи марта 2008 йилда жиноят ишлари бўйича Қува тумани судининг 15 сентябрдаги ҳукмига кўра унга Жиноят кодексининг 25 ва 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 2010 йил 28 августдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.
Учинчи марта 2013 йилда жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 1 июлдаги ҳукмига кўра Жиноят кодексининг 25 ва 169-моддаси 3-қисми «а» банди билан 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига шартли ҳукм қилиниб, 2 йил синов муддати белгиланган. 2013 йил 12 декабрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган.
– Жиноят иши Олий судга чақириб ўрганилганда Н. Марипова шикоятида келтирган «ўта хавфли рецидивист» атамасининг нотўғри қўлланилганидан ташқари бошқа ҳолатлар ҳам аниқланди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов. — Дарҳақиқат, Н. Марипова 2014 йил 12 май куни Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги «Корзинка-Қоратош» супермаркетига харидор сифатида кириб, савдо растасидан жами нархи 407930 сўмлик молларни ўғирлашга ҳаракат қилган вақтида ушланган. Дастлабки тергов томонидан у қайд этилган мулкларни ўғирлаганликда айбли деб топилган».
Аммо, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 2 декабрдаги фармонига асосан 2013 йил 15 декабрдан бошлаб энг кам ойлик иш ҳақи миқдори 96105 сўмни ташкил қилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 61-моддасида мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхона, муассаса, ташкилотларнинг мол-мулкини ўғирлаш йўли билан оз миқдорда талон-торож қилиш учун жавобгарлик белгиланган. Башарти талон-торож қилинган мулкнинг қиймати энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан ошмаса, бундай талон-торож оз миқдордаги талон-торож қилиш, деб ҳисобланиши кўрсатилган. Ўша вақтда жиноят таркибини ташкил қилувчи миқдор 2883150 сўмни ташкил этган.
Бундай ҳолда Н. Марипованинг ҳаракатларида фақат маъмурий ҳуқуқбузарлик мавжуд бўлган. Бу ҳолатга на тергов органи, на биринчи ва иккинчи босқич судлари эътибор бермаган.
Жиноят-процессуал қонунчилигига мувофиқ тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича шахснинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шахс айбсиз деб топилиши лозим. Шу асосларга кўра, Олий суд раисининг ўринбосари иш бўйича чиқарилган қарорларни қонунсиз ва адолатсиз, деб топди. Н. Марипованинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли унга нисбатан жиноят ишини тугатиш ҳақида протест келтирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати протестни очиқ суд мажлисида Бош прокуратура вакили иштирокида кўриб чиқди. Натижада протест қаноатлантирилиб, Нилуфар Мариповага оид жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани судининг 2016 йил 17 октябрдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясининг 2016 йил 11 ноябрдаги ажримини бекор қилди. Н. Марипованинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги учун жиноят иши Жиноят процессул кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилди ҳамда уни дарҳол жазони ижро этиш муассасасидан қамоқдан озод қилиш топширилди.
Изоҳ (0)