Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари март ойининг охиригача қутқарув ишларини олиб бориш жараёнларида ўз ҳаракатларини қайд этиш имконини берувчи «Экшн» камералари билан таъминланади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу янгилик қидирув-қутқарув жараёнларини ва бошқа ишларни амалга оширишда қутқарувчиларнинг ҳаракатларини таҳлил қилишга, уларнинг хатосини аниқлашга ёрдам бериб, бу ўз навбатида келгусидаги тадбирларни бехато ва самарали бажариш чораларини кўриш имконини беради.
Андижон, Бухоро, Наманган, Тошкент вилоятлари қутқарув тузилмалари «Экшн» камераларидан фойдаланишни бошлади. Ушбу камералар ёрдамида қутқарувчилар ўз ишидан чалғимасдан, аҳолига ёрдам бериш тадбирлари ҳамда қутқарув жараёнларини тасвирга олиши мумкин.
«Экшн» камераси – рақамли камера ҳисобланиб, ихчам ва сифатли тасвирга олади. Ушбу камера кичик ҳажмга ва енгил вазнга эга бўлиб, у каска ва кийим-кечак, жиҳозлар ёки ҳар қандай кийим элементларига осонликча ўрнатилиши мумкин.
Изоҳ (0)