Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов Чунцин шаҳрида Jontia Group компаниясининг экологик тоза энергетика соҳасидаги инвестицион лойиҳаси бўйича музокараларда иштирок этди. Бу ҳақда «Синьхуа» хабар берди.
Ўтган йил ноябрида Ўзбекистон энергия тежаш миллий компанияси ва Jontia Group ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаганди. Ҳужжатда томонлар Оҳангаронда «Яшил шаҳар» лойиҳасини биргаликда амалга ошириши кўзда тутилганди.
Қиймати 87,44 миллион доллар бўлган лойиҳа Оҳангаронда иссиқлик ва электр энергия ишлаб чиқарувчи юқори самарали 5 та станция қурилишини кўзда тутади. Мазкур станцияларда умумий қуввати 59 мегаватт бўлган электр генераторлари ўрнатилади.
Улар тахминан 2,58 миллион квадрат метр майдондаги уй-жой, офис бинолари, мактаблар, касалхоналар ва саноат паркларига хизмат кўрсатади.
Изоҳ (0)