23 февраль куни АҚШ элчиси Памела Спратлен ва Давлат божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Жасур Арипов 230 та радиация детекторини тантанали топшириш маросимида иштирок этди, деб хабар берди АҚШ элчихонаси матбуот хизмати. Ушбу кўмак 2017 йил 1 августда Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида тузилган ўзаро англашув меморандумига мувофиқ амалга оширилди.
АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ядро ва радиологик қурол тарқатмаслик бўйича ҳамкорлик хавфсиз ва янада бехатар дунё барпо этишда муҳим аҳамият касб этади. Бу янги жиҳозлар ёрдамида Ўзбекистон Божхона қўмитаси чегара ўтиш пунктларида хавфли ядро ва радиологик материалларни самаралироқ аниқлай олади.
АҚШнинг кенг қамровли масалаларда ҳамкорлиги Ўзбекистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлайди, шу билан бирга трансмиллий хавфсизлик таҳдидларига қарши туришда мамлакат қобилиятини оширади. 2001 йилдан буён Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон хавфли ядровий, биологик, кимёвий ва радиологик материаллар тарқалишининг олдини олишда яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Изоҳ (0)