Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Жамшид Файзиев қўлга олинган ва унга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда, ўз манбаларига асосланиб, UzNews ва «Kun.uz» хабар бермоқда.
UzNews’нинг ёзишича, Файзиевга нисбатан Жиноят кодексининг қатор моддалари билан иш очилган. «Kun.uz» эса гап қайси моддалар ҳақида бораётганига аниқлик киритган — 205-модда («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») ва 210-модда («Пора олиш»).
Жамшид Файзиев кўп йиллар давомида прокуратура тизимида меҳнат қилган. Ўз вақтида Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари, Тошкент вилояти прокурори лавозимларида ишлаган.
«Kun.uz»нинг ёдга солишича, Ўзбекистоннинг амалдаги Президенти Шавкат Мирзиёев Жамшид Файзиевни бир неча бор танқид қилган. Хусусан, 2017 йил 8 январдаги видеоселекторда уни киноя билан «жаноб Файзиев» деб чақирган. 2017 йил 2 августдаги видеоселекторда эса Шавкат Мирзиёев ўша вақтда Тошкент вилояти прокурори ҳисобланган Жамшид Файзиевга 10 кун муҳлат берган эди.
«Дунёқарашингни ўзгартирмасанг, кеч бўлади. Сенга 10 кун муҳлат, қадамларинг ёқмаяпти. Битта ўзинг қолдинг, ҳаммани ишдан олдим. Биз янги бош прокурор қўйганмиз. 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Аввалги бош прокурордан қолган ўғри тизимдагиларнинг асосий қисмини ишдан олдик. 15—20 фоизи юрибди. Файзиев ҳам шулардан. Барибир охиригача ўзгартирамиз», — деганди Президент Мирзиёев августдаги ўша видеоселекторда.
Жамшид Файзиев 2017 йил октябрида, пахта ҳосилига қўшиб ёзишга йўл қўйганликда айбдор саналиб, ишдан олинган эди. Унинг ўрнига тайинланган Улуғбек Суннатов эса 2018 йил 5 январь куни ишдан олинган. «Kun.uz» маълумотига кўра, собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг ушланиши ортидан Улуғбек Суннатов ҳам қўлга олинган. Бироқ Бош прокуратура матбуот хизмати бу хабарларни ҳозирча на тасдиқлаяпти, на рад этмоқда.
Мавзуга доир: Бўлганни «бўлмади» дейиш иллати ҳақида
Изоҳ (0)