Тожикистон ҳукумати тартиб сақловчиларга инглиз тилини ўрганиш ва хорижий сайёҳлар билан мулоқот қилишда этика меъёрларига риоя этиш мажбуриятини юклади, деб хабар беради ЎзА.
Ички ишлар бошқарма ва бўлимларида инглиз тилини ўрганиш курслари ташкиллаштирилади, дея маълум қилди ТР ИИВ матбуот котиби Умаржони Имомали.
— Вазир барчага хорижликлар билан муомала қилиш этикасини ҳамда инглиз тилини билиш вазифасини юклади. Дарслар маълум график асосида олиб борилади. Сайёҳлар билан инглиз тилида мулоқот қилиш, юртимизда туризм салоҳиятини янада яхшилашга хизмат қилади, — деди Тожикистон ИИВ вакили.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Тожикистон ҳукумати мамлакатда сайёҳликни изчил ривожлантиришга жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Айни шу мақсад йўлида ўтган йили ҳукумат қошида янги тузилма —Туризмни ривожлантириш Қўмитаси ташкил этилди. Шунингдек, Имомали Раҳмон 2018 йилни Туризм ва халқ ҳунармандчилиги йили деб эълон қилди.
Изоҳ (0)