Афғонистон ғарбидаги Фарах вилоятида жойлашган ҳарбий базага «Толибон» жангарилари томонидан уюштирилган ҳужум оқибатида 20 нафар аскар ҳалок бўлди. Бу ҳақда Tolo News телеканали вилоят кенгаши вакилига таяниб маълум қилди, деб хабар берди «РИА Новости».
Ҳужум 24 февраль, шанба куни соат 02:00 да Бала Болук туманида амалга оширилган. Ҳужум оқибатида 20 нафар аскар ўлдирилган, яна икки нафари асирга тушган. Бундан ташқари, жангарилар катта миқдордаги қурол-яроғни ҳам қўлга киритган.
Кенгаш вакилининг сўзларига кўра, ҳарбийлар 12 нафар жангарини йўқ қилишга муваффақ бўлган.
Аввалроқ Афғонистон пойтахти Кобул шаҳрида худкуш террорчи ўзини портлатиб юборгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)