Олий Мажлис қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов ва Корея миллий ассамблеяси спикери Чон Сэ Гюн «Олий Мажлис ва Корея миллий ассамблеяси ўртасида ҳамкорлик бўйича англашинув меморандуми»ни имзолади. Бу ҳақда қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Томонлар мазкур меморандум нафақат икки мамлакат парламентини, балки ҳар икки давлатларни янада бир-бирига яқинлаштиришини таъкидлади.
21 февраль куни Корея миллий ассамблеяси мажлислар залида икки давлат парламенти вакиллари ўртасида самарали мулоқот бўлиб ўтди. Томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида тўхталди.
Учрашувда ҳамкорлик меморандумида белгиланган вазифаларни бажаришда зарур воситаларни ишга солиш юзасидан фикр алмашилди.
Нурдинжон Исмоилов ташриф давомида қатор шифохоналар фаолияти билан яқиндан танишиш ва келгусида улар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятида эканлигини айтиб ўтди.
Меморандум икки томонлама сиёсий, иқтисодий, савдо, инвестиция масалаларини қамраб олган ва унда икки томонлома тажриба алмашиш, парламентда «ақлли ахборот коммуникация технологиялари»ни жорий этиш каби қатор масалалар назарда тутилган.
Изоҳ (0)