Тошкентда илк бор Women Techmakers 2018 International Women’s Day Celebration тадбири ўтказилади. Унга пойтахтдаги Инҳа университети мезбонлик қилади, деб ёзади «Халқ сўзи».
Women Techmakers бренди Google компаниясига тегишли бўлиб, юқори технологиялар соҳасидаги хотин-қизлар учун глобал дастур ҳисобланади. У инновацияларни қўллаб-қувватлаш ва мазкур тармоққа аёлларни жалб этишга кўмаклашиш учун ресурслар йўналтиради.
Google Developer Groups (GDG) Tashkent гуруҳи Инҳа университети ва БМТнинг маъмурий ислоҳотлар ва рақамли ўзгаришлар бўйича дастури ва Super Dispatch компанияси кўмагида ушбу тадбирни ўтказади.
Тадбир икки қисмдан иборат бўлади. Куннинг биринчи ярмида иштирокчилар ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб борадиган хотин-қизлар фаолияти билан таништирилади. Улар IT-лойиҳалар устида ишлаш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашади. Хориж компанияларининг бу борадаги ютуқлари бўйича фикр алмашилади.Иккинчи қисмида семинарлар, маҳорат мактаблари ўтказилиб, турли ахборот технологиялари маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва лойиҳаларни бошқариш бўйича билимлар берилади.
Тадбирда 18 ёшдан катта бўлган барча хоҳловчилар қатнашиши мумкин. Тадбир ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Изоҳ (0)