Латвия туристик агентлиги ва операторлари ассосацияси ташкил этган 25-халқаро «Balttour 2018» кўргазма ярмаркасида дунёнинг 40 дан зиёд мамлакатлари қатори Ўзбекистондан Фарғона вилоятининг туризм соҳасига дахлдор 25 кишилик делегацияси қатнашди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Муҳаммаджон Обидов хабар бермоқда.
Делегация таркибидан вилоят муттасадди ташкилотлари раҳбарлари, вилоятдаги меҳмонхона менежерлари, туроператорлар, ҳунармандлар, фаол тадбиркорлар, ошпазлар ва миллий фольклор ансамбли иштирокчилари жой олди.
Рига шаҳрида бўлиб ўтган «Балт-тур» туристик ярмаркасининг расмий очилиш маросимида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари М.Абдураҳмонов вилоятнинг туристик имкониятлари, яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар тўғрисида тақдимот ўтказди.
Вилоят делегация аъзолари Рига шаҳри мэри ўринбосари Максим Толстой томонидан қабул қилинди. Унда туризмни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Ярмарканинг вилоят учун ажратилган стенди миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, жумладан Марғилоннинг атлас ва адраси, дўппилар, Риштоннинг кулолчилик махсулотлари билан безатилди. Шунингдек, вилоятда ишлаб чиқарилаётган вино маҳсулотлари дегустациясига узлуксиз таклиф этиб турилди. Ярмаркаси доирасида Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев иштирокида «Фарғона вилояти маданият куни» нишонланди.
Фарғона вилояти туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи М.Темиров ва «Латвия туристик агентлари ва операторлари ассоциация» ижрочи директори Астриди Труповниеце ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш, ўзаро сайёҳлар алмашинувини йўлга қўйиш, икки тарафнинг туристик салоҳиятини акс эттирувчи реклама маҳсулотларини тарғиб қилиш тўғрисида меморандум имзоланди.
Изоҳ (0)