Қаршининг «Насаф» клуби бугун — 13 февраль санасида Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини бошлайди. Унинг илк рақиби Теҳроннинг «Персиполис» клуби бўлади.
«Персиполис» Эрон чемпионатининг 23-туридан сўнг 54 очко билан яққол пешқадам бўлиб турибди. У энг яқин таъқибчиси бўлган «Зоб Оҳан» клубидан 16 очко илгарилаб кетгани эътиборга молик. 23 тур давомида теҳронликлар фақатгина 1 та беллашувда мағлубият аламини тотиб кўрган, яна 16 тасида рақибларини таслим қилишга эришган.
«Насаф» Чемпионлар Лигасининг гуруҳ босқичига плей-офф орқали йўл олганди. 30 январь куни Қаршида Иорданиянинг «Ал-Файсалий» клубини қабул қилган Рўзиқул Бердиев шогирдлари 5:1 ҳисобида муваффақият қозонди. Энди «Насаф» гуруҳ босқичида «Персиполис»дан ташқари Қатарнинг «Ас-Садд» ҳамда Амирликларнинг «Ал-Васл» клубларига қарши кураш олиб боради.
Изоҳ (0)