Ўзбекистон Бош прокурори О. Муродов тожикистонлик ҳамкасби Ю. Раҳмон бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси маълум қилди.
Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бевосита раҳбарлигида амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, жиноят қонунчилигини либераллаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган чоралар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, делегация аъзолари Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази, шунингдек, Бош прокуратуранинг Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси ҳамда Қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш муаммоларини таҳлил қилиш бошқармаси фаолияти билан танишди.
Тожикистон Бош прокурори Ю. Раҳмон самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, бўлиб ўтган мулоқотдан мамнунлигини, учрашув ўзаро ҳуқуқий муносабатларнинг янада ривожланишива мустаҳкамланишига туртки бўлишини таъкидлади.
Учрашув якунида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда чегара ҳудудидаги прокуратураларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалаларида ҳуқуқий ёрдам ва ҳамкорлик тўғрисида Битим имзоланди.
Битимни амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ҳақида келишувлар белгиланди.
Изоҳ (0)