Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ҳамда вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида тиббий дори воситаларининг ноқонуний ҳаракатига оид тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тошкент – Бухоро йўналишида ҳаракатланаётган Х.У. бошқарувидаги Nexia русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб текширилганда, унинг юкхонасида қаерда ишлаб чиқарилгани номаълум ва сифати тўғрисида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган ҳамда ўзбек тилида маркировкаланмаган 14 турдаги тиббий дори воситалари топилди.
Фуқаро Х.У. кўрсатмасига кўра, ушбу дори воситаларини унга Тошкент шаҳрида яшовчи Малика исмли қиз Нукус шаҳрида яшовчи Гули исмли аёлга етказиб беришни сўраган.
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизация давлат маркази давлат унитар корхонаси хулосасига кўра, ашёвий далил сифатида олинган ушбу дори воситаларининг сотилиши тақиқланган ва тиббиётда қўлланилишига рухсат этилмаган. Инсон ҳаёти ва соғлигига бўлган самараси кафолатли эмаслиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)