Муҳаммад исмли британиялик ҳайдовчи автомобилини суғурта қилдириш учун анъанавий европача исмли машина эгасига нисбатан 200—900 фунт стерлинг кўпроқ пул тўлайди. Бундай ҳолатга учраган аҳоли уни «оддий ирқчилик» деб атамоқда. Бу ҳақда «Мотор» хабар берди.
The Sun нашри тадқиқот ўтказиб, 60 та суғурта компаниясидаги нархларни солиштириб кўрди. Admiral, Bell ва M&S каби йирик компаниялар машина эгасининг исми Муҳаммадга ўзгариши билан полис нархини дарҳол оширгани маълум бўлди.
Масалан, 2007 йилги Ford Focus’ни суғурталаш учун Жон Смит исмли одам 1333 фунт стерлинг, Муҳаммад Смит эса 2252 фунт стерлинг тўлаган. Исм туфайли нархлардаги фарқ ҳақида берилган сўровга жавобан эса, суғурта компаниялари раҳбарлари ҳеч қандай қонунни бузишмаётганлигини айтган.
Яна бир автомобиль эгаси, Муҳаммад Батт маълум қилишича, суғурта компанияси дастлаб унинг исмини Сулаймон деб ўйлаб, унга бошқа нарх айтган. Исми Муҳаммад эканлигини билдиргач, нарх 166 фунт стерлингга ошган.
Изоҳ (0)