Эквадорда 2017 йилнинг ноябрь ойи ўртасида тарқалган чўчқа гриппи (H1N1 вируси) оқибатида ҳалок бўлганлар сони 22 кишига етди. Ушбу вирусга чалинганларнинг умумий сони эса 500 кишидан ошди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Вероника Эспиноза маълум қилди, деб хабар берди «ТАСС».
«Эквадорда А вируси (H1N1) оқибатида ҳалок бўлганлар сони 22 кишига етди», — деди вазир.
Эспиносанинг таъкидлашича, айни вақтда аҳолини, «биринчи навбатда ҳомиладор аёлларни, қарияларни, сурункали касалликлардан азият чекувчиларни, шунингдек, беш ёшгача бўлган болаларни» эмлаш кампанияси ўтказилмоқда. «Ҳозирга қадар 700 мингдан ортиқ одамга профилактик эмлаш ишлари амалга оширилди», — дея қўшимча қилди Эспиноса.
Хавфли вирус билан касалланганларнинг сони ортиб бораётгани сабаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини мустақил равишда даволаш ишлари билан шуғулланмасликка чақирмоқда.
Изоҳ (0)